Қозоғистонлик офицер Польшада жосусликда гумонланиб ҳибсга олинди
Олам
−
12 Август 2025 3934 2 дақиқа
Жорий йилнинг август ойи бошида Польшада Қозоғистоннинг Украинадаги элчихонаси ҳарбий атташеси ёрдамчиси жосусликда гумонланиб ҳибсга олинган. Бу ҳақда “Orda.kz” хабар берди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг август ойи бошида Польша ҳукумати постсовет Осиё мамлакатларидан бирининг хорижий ҳарбий разведка ходими қўлга олинганини маълум қилган, аммо давлат номини очиқламаган. Польша Ички хавфсизлик агентлиги (ABW) маълумотига кўра, гумонланувчи Бидгош ва Варшавада дипломатик мақом остида штатдаги офицер сифатида ишлаган.
У Польша миллий хавфсизлиги ва иттифоқчи давлатларнинг ҳарбий тузилмаларига таҳдид солувчи маълумотларни тўплаганликда айбланмоқда. Жорий йилнинг йил 1 август куни Варшава туман суди уни уч ой муддатга қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарган. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги “ҳарбийлар бўйича изоҳ бера олмаймиз” дея баёнот бериб, масалани мудофаа идорасига йўналтирган. Қозоғистон оммавий ахборот воситалари ҳар иккала вазирликка сўров юборганини хабар қилмоқда.
Шу орада Польша Бош вазири Дональд Туск мамлакат хавфсизлигига таҳдид солган ҳар бир киши “эртами-кечми қўлга олинади”, дея огоҳлантирган.
Маълумот учун, Қозоғистон ва Польша 1992 йилдан бери ҳамкорлик қилади, икки давлатда элчихоналар фаолият юритади, савдо, маданият ва парламент алоқаларини ривожлантиради. 2023 йилда ўзаро савдо ҳажми 1,23 миллиард долларни ташкил этган. Шунингдек, икки мамлакат қўшма таълим дастурлари ва тарихни ўрганиш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда. Иқтисодий мулоқотнинг асосий майдони Ҳукуматлараро савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича комиссия бўлиб, унинг йиғилиши 2023 йил июнида Варшавада ўтказилган.
Live
Барчаси