Қозоғистонлик мухолифатчи 6 йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Олам
−
10 Апрель 2023
5847Олмаота шаҳрининг Бостандиқ тумани 2-суди рўйхатдан ўтмаган Қозоғистон демократик партияси етакчиси Жанболат Мамайни олти йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “Власть” хабар берди.
Мухолифатчи сиёсатчи республика Жиноят кодексининг 378-моддаси 2-қисми (“Ҳокимият вакилини ҳақорат қилиш”); 274-моддаси 2-қисмининг 3-банди (“Қасддан ёлғон маълумотларни тарқатиш”); 272-моддаси 1-қисми (“Оммавий тартибсизликлар ташкил этиш”) бўйича айбдор деб топилган
Шартли қамоқ жазосидан ташқари, Мамайнинг олти йилга сиёсий ва журналистик фаолият юритиши, жумладан, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши ман этилган. Шунингдек, Демократик партия етакчисидан 800 400 тенге (тахминан 1800 доллар) миқдоридаги суд харажатлари ундирилган.
Суд қарори ҳозирча қонуний кучга кирмаган. Мамай суд ишини сиёсий мотивли, деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам у ҳеч бир айблов бўйича ўз айбини тан олмаган. Ҳозирда Мамай ҳукм устидан шикоят қилиш ниятида.
Маълумот учун, Жанболат Мамай 2022 йил 25 февралда қонли январь қурбонлари хотирасига рухсат этилмаган митингда қатнашгани учун 15 суткага ҳибсга олинган. У 13 март куни тергов изоляторини тарк этиши керак эди, аммо бу содир бўлмаган. Тергов суди уни Жиноят кодексининг икки моддаси: қасддан ёлғон маълумот тарқатиш ва ҳукумат амалдорларини ҳақорат қилиш бўйича гумонланувчи сифатида яна икки ойга ҳибсга олган. Ўша йилнинг июнь ойида эса ҳибсда сақланаётган Демократик партия раҳбари бошқа иш бўйича айбланувчига айлангани, у январь ойидаги намойишлар чоғида оммавий тартибсизликлар уюштирганликда ва била туриб ёлғон маълумот тарқатганликда айблангани хабар қилинган.