Қозоғистонга келган Си Цзиньпин самолётига қирувчи самолёт ҳамроҳлик қилди
Олам
−
02 Июль
25852Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Қозоғистоннинг Остона шаҳрига келган Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг самолётига қирувчи самолёт ҳамроҳлик қилди. Буни Оқўрда берган хабардаги сурат тасдиқлайди.
“КазТАГ” нашри жорий йилнинг 30 июнь куни Россия Президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин самолётининг Остонага келиши учун уларга қирувчи самолёт ҳамроҳлик қилиши ҳақида ёзган эди.
Ундан бир кун олдин, 29 июнь куни эса Қозоғистон Фуқаролик авиацияси қўмитаси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш доирасида мамлакат Мудофаа вазирлиги ўз самолётларининг ўқув парвозини амалга ошираётгани, шу муносабат билан Остона аэропорти фаолиятини вақтинча чеклаганини эълон қилганди.
Қозоғистон расмийлари саммит учун жиддий хавфсизлик чоралари жорий этилганини маълум қилди. Республика Ички ишлар органларининг шахсий таркиби кучайтирилган хизмат тартибига, пойтахтдаги муассасалар ходимлари масофавий ишлашга ўтказилган, боғчалар ёпилиши кутилмоқда. Расмийлар, шунингдек, бугун, 2 июлдан бошлаб Остонада ШҲТ саммити муносабати билан терроризмга қарши операция ўтказиш учун махсус режим жорий этилишини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Си Цзиньпин Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Қозоғистонга келганди.
LiveБарчаси