Қозоғистондан 1200 дан ортиқ мигрант қувилди

Олам

image

Бир неча кун ичида Қозоғистонда 10 мингга яқин миграция қонунчилигини бузган шахслар аниқланиб, уларнинг 1200 дан ортиғи мамлакатдан чиқариб юборилди. Бу ҳақда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
 
Ички ишлар вазирлигига кўра, атиги уч кун ичида миграция қонунчилигини бузган деярли 10 минг шахс аниқланган. Уларнинг 4,5 минг нафари мамлакатда қолиш муддатини бузган, яна 2,5 минг нафари эса ноқонуний ишлаган.

“Суд қарорига кўра, аллақачон 1240 нафар хорижлик Қозоғистондан чиқариб юборилган, уларга беш йил давомида мамлакатга кириш тақиқланган. Қонунбузарларнинг аксарияти одатдагидек яқин қўшни мамлакатлардан. Шу билан бирга, рейд чоғида Бангладешдан, Мисрдан, Италиядан, Нигериядан ва Мадагаскардан ноқонуний муҳожирлар ҳам аниқланди. Бундан ташқари, халқаро қидирувда бўлган 20 нафар хорижлик ҳам қўлга олинди”, деди Ички ишлар вазирлиги Миграция хизмати қўмитаси раиси Аслан Аталиқов.

2200 та қабул қилувчи томон полицияга ўз вақтида хабар бермагани учун жаримага тортилган. Уларнинг жарима миқдори 12 миллион тенгедан ошган. Бундан ташқари, 500 иш берувчи ноқонуний хорижлик ишчиларни ёллагани учун 33 миллион тенгелик (тахминан 847 млн сўмлик) жарима тўлашга мажбур бўлган. Улар орасида илгари ҳам қонунбузарликка йўл қўйган беш иш берувчи аниқланган.

Миграция қоидаларини бузиш билан боғлиқ ноқонуний схемаларни фош қилиш натижасида Қозоғистон фуқароларига қарши 12 та жиноят иши очилган.

“Масалан, Остондаги бир университет ётоқхонаси коменданти пуллик хизмат эвазига 56 та меҳнат муҳожирига талабалар сифатида вақтинчалик яшаш рухсатномасини расмийлаштирган. Шунингдек, Олмота вилоятида бир нотариус ёрдамчиси хорижликларга сохта ишончномалар бериб, уларни рўйхатдан ўтказиш учун сохта манзиллар тақдим этган”, дейилади полиция ҳисоботида.

Ички ишлар вазирлигига кўра, барча ҳолатлар бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шу муносабат билан чет эллик меҳмонлар расмий тартиб-қоидаларга риоя этишга, ноқонуний “ёрдамчилар” хизматидан фойдаланмасликка чақирилади.

“Таъкидлаш жоизки, давлат меҳмонлар келиши ҳақида хабар бериш, ИИН расмийлаштириш, миграция рўйхатидан ўтиш ва вақтинчалик яшаш учун рухсат олиш учун ҳеч қандай ҳақ олмайди”, деди Миграция хизмати қўмитаси раиси Аслан Аталиқов.


Мақола муаллифи

Теглар

мигрант Қозоғистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг