Қозоғистонда янги Конституция бўйича референдум ўтказилмоқда
Олам
−
10:26 560 3 дақиқа
Бугун, 15 март куни Қозоғистонда янги Конституцияни қабул қилиш бўйича референдум ўтказилмоқда. Овоз бериш участкалари эрталаб соат 07:00 да очилди. Бу ҳақда NUR.KZ хабар берди.
Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, бюллетенларда фақат битта савол мавжуд: “2026 йил 12 феврал куни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган Қозоғистон Республикаси нинг янги Конституцияси лойиҳасини қабул қиласизми?”. Фуқаролар ушбу саволга фақат “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб бериши мумкин.
Овоз бериш участкалари соат 20:00 гача ишлайди. Сайлов участкалари фуқароларнинг доимий яшаш манзили бўйича рўйхатдан ўтган жойига қараб белгиланади. Маҳаллий ижроия органлари муайян манзилда рўйхатдан ўтган фуқаролар рўйхатини шакллантиради. Вақтинча рўйхатдан ўтган фуқаролар эса ариза асосида рўйхатга киритилади.
Мамлакат бўйлаб жами 10 413 та референдум участкаси ишлайди. Уларнинг 9 779 таси фуқароларнинг доимий рўйхатдан ўтган жойларида, яна 634 таси эса вақтинча бўлиб турган жойларда ташкил этилган.
Фуқаролар ўз овоз бериш участкасини яшаш жойидаги маҳаллий ижроия органига мурожаат қилиш орқали билиб олиши мумкин. Агар рўйхатда бўлмаса, фуқаро ҳокимиятга ариза бериб, рўйхатга киритилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, фуқаролар шахсий идентификация рақами орқали ҳам ўз овоз бериш участкасини текшириши мумкин. Рўйхатдан ўтган жойидан ташқарида овоз бериш учун фуқаролар 2026 йил 14 март соат 18:00 гача ўз участкаларининг комиссиясига ёзма ариза топшириши ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши керак бўлган. Шундан сўнг комиссия махсус овоз бериш гувоҳномасини беради.
Овоз бериш куни фуқаро ушбу гувоҳнома ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади. Шундан кейин комиссия уни референдум иштирокчилари рўйхатига киритиб, бюллетень беради. Бундай гувоҳнома фақат бир марта ишлатилади ва овоз берилган участкада қолдирилади.
Шунингдек, фуқаролар уйида туриб ҳам овоз бериши мумкин. Бунинг учун улар 15 март куни соат 12:00 гача участка комиссиясига ариза топшириши лозим.
Овоз бериш куни ва ундан олдинги куни ҳар қандай тарғибот тақиқланган. Шунинг учун тўлдирилган бюллетенни бошқаларга кўрсатиш ёки ижтимоий тармоқларда эълон қилиш тарғибот сифатида баҳоланиши мумкин ва бу маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Шу боис фуқароларга бюллетенни ҳеч кимга кўрсатмасдан, букланган ҳолда овоз бериш қутисига ташлаш тавсия этилган.
Маълумотларга кўра, референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сони 12 миллион 416 минг 759 нафарни ташкил қилади. Референдум натижалари бўйича расмий баёнот овоз беришдан кейин етти кун ичида эълон қилиниши кутилмоқда. Агар янги Конституция қабул қилинса, у 2026 йил 1 июлдан кучга киради. Шу кунгача амалдаги парламент ўз фаолиятини давом эттиради.
Live
Барчаси