Қозоғистонда ўсмирнинг ўлдирилиши ортидан полиция раҳбарияти ҳам ишдан олинди

Олам

image

Қозоғистон Ички ишлар вазири Ержан Саденовнинг буйруғига биноан октябрь ойи бошларида 16 ёшли ўсмир ўлдирилган Олмаота вилоятида бир неча юқори лавозимли полиция ходимлари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ержан Саденовнинг буйруғига биноан ўз лавозимидан озод этилганлар қуйидагилар:

  • вилоят полиция департаменти (ПД) бошлиғининг биринчи ўринбосари Серик Шалхаров;
  • вилоят ПД экстремизмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Улан Байтаков;
  • вилоят ПД жиноий полиция бошқармаси бошлиғи Руслан Смагулов;
  • вилоят ПД уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Дулат Қайир ва унинг ўринбосари Жанат Умаров.

Бундан ташқари, Талғар тумани полиция бошқармаси бошлиғи Нуржан Кунтунов ҳам лавозимидан озод қилинган.

Шунингдек, аввалроқ тергов фонида туман ҳокими девони раҳбари, туман прокурори ва бошқа мансабдор шахслар ҳамда куч ишлатар ходимлар ўз лавозимидан озод қилинган.

Вазирлик хабарига кўра, вазир томонидан қонуний тартибни муҳофаза қилиш ва вилоятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилган. Ички ишлар вазири Талғар туманидаги ўсмир ўлдирилишини тергов қилаётган гуруҳни тинглаб, уларга аниқ кўрсатмалар берган.

Ўсмирнинг ўлдирилиши

Жорий йилнинг 4 октябрь куни кечқурун аҳолиси тахминан 50 минг кишидан иборат, Олмаота шаҳридан 25 километр шарқроқда жойлашган Талғар шаҳрида 16 ёшли ўсмир пичоқланиб, вафот этди. Маҳаллий ОАВга кўра, марҳумнинг оиласи ижарага олган дўконда бир шиша пиво учун можаро бошланган. Харидор пул тўлашдан бош тортган ва сотувчи – ўлдирилган ўсмирнинг отаси билан жанжаллаша бошлаган. Бола отаси учун харидордан кетишни сўраган. Шундан сўнг, харидор дўстлари билан дўконга қайтиб келган ва катта жанжал юз берган. Жанжалда ўсмирнинг кўкрак қафас қисми бир неча марта пичоқланган ва у шифохонада вафот этган. Воқеа жойида бўлган марҳумнинг амакиси ҳам шифохонага ётқизилган.

Полиция ушбу ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатган ва ўн кишини қўлга олган. Суд уларни икки ой муддатга ҳибсга олишга қарор қилган. Бундан ташқари, 12 октябрь куни Азат қишлоғида ўлдирилган ўсмирнинг оиласига тегишли уй ҳам ёниб кетган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган. Полиция оилани ҳимоя остига олган.

Ушбу ҳодиса бутун Қозоғистонда жамоатчилик норозилигига сабаб бўлиб, кенг муҳокама қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Талғар шаҳар ҳокими Бахит Куришбеков ва унинг ўринбосари Матан Сагандик ҳам ушбу воқеа фонида ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон полиция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made