Қозоғистонда учар таксиларнинг нархи маълум қилинди
Олам
−
22 Май 9419 2 дақиқа
Қозоғистонда учар таксида парвоз қилишнинг тахминий нархи ҳар километр учун 1 доллар атрофида бўлиши айтилди. Бу ҳақда МИР24 хабар берди.
“Ҳозир тахминан ҳар километр учун 1 доллар тўланади. 15 километр учун йўловчи 15 доллар тўлаб, манзилга етиб боради”, деган Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари Қанат Бўзумбаев.
Унинг маълум қилишича, аэропортдан Олмаота марказигача аэротаксида учиш нархи тахминан 15–17 долларни ташкил этади.
Бўзумбаевнинг айтишича, ҳозирда Олмаота аэропортидан шаҳар марказигача тирбандликлар сабаб 1,5–2 соат вақт сарфланади. Келажакда эса йўловчилар аэропорт яқинида жойлаштириладиган дронлар орқали манзилга тезроқ етиб бориши мумкин бўлади.
“Бу бизнес учун рақобат муҳитини яратади ва вақт ўтиши билан хизмат нархи арзонлашади. Шунингдек, етказиб бериш хизмати ҳам ривожланади. Биз Алатауда қуриладиган бинолар лойиҳаларини йўловчи ва юк ташувчи дронларга мослаштиришни режалаштиряпмиз”, дея қўшимча қилган у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 май куни Олмаота яқинидаги Олатау шаҳрида шаҳар ҳаво мобиллигининг янги даврини бошлаб берувчи аэротакси – eVTOL’нинг илк синов парвози бўлиб ўтганди. Мазкур лойиҳа Қозоғистоннинг “Alatau Advance Air Group Ltd.” (AAAG) компанияси томонидан АҚШ, Хитой, Жанубий Корея ва Италиядан бўлган ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилмоқда. Умумий инвестиция ҳажми 300 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда.
Live
Барчаси