Қозоғистонда туриб хорижда ишлайдиган чет элликлар учун янги виза жорий этилди
Олам
−
02 Ноябрь
2336Қозоғистонда масофадан туриб ишлаётган хорижлик сайёҳлар учун Neo Nomad визасининг янги тури жорий этилди. Бу ҳақда кеча, 1 ноябрь куни республика Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Виза олиш учун чет эл фуқароси Қозоғистондан ташқарида камида 3 минг доллар барқарор даромадини кўрсатиши керак. Аризачиларга тиббий суғурта ва полиция рухсатномаси ҳам керак бўлади.
Янги виза режими сайёҳларга хорижий компанияларда ишлашда давом этган ҳолда бир йилгача мамлакатда қолиш имконини беради.
“Бу уларга нафақат мамлакат маданияти ва ҳаётига чуқур кириш имконини беради, балки Қозоғистонга иқтисодий фойда келтиради. Агар 500 киши виза олса, визанинг жорий этилишидан иқтисодий самара йилига 3,6 миллиард тенгени (7,3 миллион доллар) ташкил этиши кутилмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
Виза Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан тасдиқланган. Бу Европа мамлакатларида машҳур Digital Nomad дастурининг аналогига айланган. Рақамли кўчманчи визаси 50 дан ортиқ мамлакатда мавжуд бўлиб, ҳар бирининг ўз даромади ва қолиш муддати талаблари мавжуд. Улар одатда 6 ойдан 2 йилгача бўлади.
Туризм ва спорт вазири Эрбол Мирзабўсиновнинг сўзларига кўра, Қозоғистон бугунги кунда замонавий кўчманчилар саёҳати харитасининг бир қисмига айланган. Олмаота ва Остона шаҳарлари аллақачон нео-кўчманчилар учун жозибадор бўлган Топ-150 шаҳарлар қаторига киритилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 27 январда Қозоғистонда янгиланган миграция қоидалари кучга киргани хабар қилинганди. Унга кўра, Қозоғистонга визасиз келган чет элликлар мамлакатда қонуний равишда 30 кун, жами 180 кунлик бир календарь даврида 90 кунгача бўлиши мумкин.
Хусусан, Ўзбекистон фуқаролари қўшни Қирғизистонда 60 кунгача, Қозоғистонда эса 30 кунгача визасиз юриши мумкин.
LiveБарчаси
04 Ноябрь