Қозоғистонда тухум нархи қимматлаб кетди
Олам
−
02 Февраль
8251Қозоғистонда тухум нархи ошиб кетди. Мамлакат Савдо вазири Арман Шаққалиев бу ҳолат мавсумий эканини айтди. Вазир бу ҳақда парламентдаги бир гуруҳ журналистлар билан суҳбати чоғида сўз очди.
Қайд этилишича, Қозоғистонда тухум қарийб 100 тенгега қимматлаган. Олдин 10 дона тухум 566 тенге (тахминан 15 600 сўм)турса, эндиликда унинг нархи 635 тенге (тахминан 17 500 сўм)ни ташкил қилмоқда.
“Мамлакатда тухум нархида мавсумий ўсиш кузатилмоқда. Ой давомида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар 0,2 фоизга ошган”, дейди Арман Шаққалиев.
Унинг таъкидлашича, вазирлик нархлар динамикасини кўриб чиқмоқда.
"Динамика одатдагидек – бунга кўникиш керак. Ёзда тухум арзонлашади, қишда эса қимматлашади. Ваҳима қиладиган жойи йўқ", дейди вазир.
Маълумот учун, 17 январда Россия томони Қозоғистонга чакана савдо тармоқларига товуқ тухуми етказиб беришни кўпайтириш илтимоси билан мурожаат қилган. Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Серик Жумангарин Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ушбу масала бўйича иш олиб бориш бўйича топшириқ берган.
Бироқ экспертларнинг фикрича, оқилона ёндашув билан Россия ёки бошқа давлатга тухум экспортини ошириш Қозоғистон ички бозорига сезиларли таъсир кўрсатмайди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Россия Президенти Владимир Путин товуқ тухуми нархининг жиддий ошгани сабабли россияликлардан узр сўраган ва мавжуд вазиятни ҳукумат ишидаги муваффақиятсизлик, деб атаган эди. Президент вазият тез орада юмшатилишига ваъда ҳам берган. 25 декабрь куни Санк-Петербургда бўлиб ўтган ЕОИИ саммитида Беларусь фуқароси Александр Лукашенко мамлакатининг маҳсулот ишлаб чиқаришдаги муваффақияти ҳақида “мақтанганидан” кейин Путин ундан Россияга тухум етказиб беришини сўраганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15