Тиллага тенг маҳсулот: Россия Қозоғистондан ҳам тухум сўради

Олам

image

Россия Қозоғистондан ўз чакана савдо тармоқлари учун кўпроқ товуқ тухуми етказиб беришини илтимос қилди. Бу ҳақда кеча, 17 январь куни Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Қозоғистон ва Россия Бош вазир ўринбосарлари Серик Жумангарин ва Алексей Оверчук ўзаро савдонинг долзарб масалаларини муҳокама қилган.

“Россия томони Қозоғистондан кўпроқ товуқ тухуми етказиб беришини сўраб, мурожаат қилди. Серик Жумангарин Қишлоқ хўжалиги вазирлигига бу масалани имкон қадар тезроқ кўриб чиқиш ва Қозоғистон маҳсулотларини Россиянинг чегарадош вилоятларига етказиб беришни ошириш бўйича топшириқ берди”, дейилади ҳукумат хабарида.

Шунингдек, Ҳукумат Қозоғистондаги паррандачилик фермаларини тухум билан таъминлаш даражаси 2022 йилда аҳоли эҳтиёжининг 102 фоизини ташкил этганига ишонтирди. 2023 йилнинг 11 ойи давомида эса Қозоғистон Россия, Афғонистон ва Қирғизистонга 186,6 миллион дона товуқ тухумини экспорт қилган. Қайд этиш жоизки, ўтган ойда тухум ва унинг нархи Россия ОАВ учун асосий мавзу бўлганди. Дастлаб, декабрь ойи ўрталарида Россия Президенти Владимир Путин товуқ тухуми нархининг жиддий ошгани сабабли россияликлардан узр сўраган ва мавжуд вазиятни ҳукумат ишидаги муваффақиятсизлик, деб атаган эди. Президент вазият тез орада юмшатилишига ваъда ҳам берган.

Шунингдек, Путин Россия Қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Патрушев билан товуқ тухуми нархининг ошиши масаласини муҳокама қилгани ҳақида гапирган. 

“Яқинда мен Қишлоқ хўжалиги вазири билан гаплашдим. Ундан тухум етказиб беришдаги камчиликлар ҳақида сўрадим. Вазир ҳаммаси яхши эканини айтди. Мен унга оддий одамларда бу борада ҳаммаси яхши эмаслигини айтдим. Товуқ тухуми нархининг ўсиши 40 фоизни ташкил этади, товуқ гўшти эса бундан ҳам қимматлаган. Нима бўлганини биласизми? Биз даромаднинг бироз ўсишини бошдан кечирмоқдамиз. Талаб ошди. Бу нисбатан арзон протеин бўлиб, фуқаролар орасида оммалашган. Ўзим ҳам пишган тухумни яхши кўраман. Бир вақтлар мен эрталаб бирданига ўнта тухумни паққос туширардим”, деган Путин 2023 йил якунлари бўйича ўтказган матбуот анжуманида.

Кейинчалик, 25 декабрь куни Санк-Петербургда бўлиб ўтган ЕОИИ саммитида Беларусь фуқароси Александр Лукашенко мамлакатининг маҳсулот ишлаб чиқаришдаги муваффақияти ҳақида “мақтанганидан” кейин Путин ундан Россияга тухум етказиб беришини сўраганди. 

Лукашенко саммитда сўзга чиқиб, Беларусь ўзини озиқ-овқат билан таъминлаётганидан сўз очган. У республика қайси товарларга бўлган ички талабни мустақил равишда қоплашини санай бошлаган. Дон, гўшт, сут ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида гапирганидан сўнг, Лукашенко тўхтаб қолиб, Путинга қараган ва “товуқ тухуми”ни тилга олиб, кулган.

“Бизгаям тухумдан қарашинг, фақат ўзларингиз еявермасдан”, дея жавоб қилган Путин бунга жавобан.

29 декабрда эса Лукашенко Минскдаги Витебск бройлер паррандачилик фермасининг дўконига борганида, ходимларга:

“Товуқларнинг тухум бериши қандай?" деб сўрайди. 

Ижобий жавоб олгач, у тухумлардан бир қисмини Путинга жўнатиш кераклигини айтади.

Маълумот учун, ўтган йилнинг сўнгги икки ойида Россияда тухум нархининг 30 фоиздан зиёдга ошиши Россия ҳукуматини ташвишга солиб қўйди. Мамлакатда тухумни божсиз олиб киришга изн берилди, Россия Бош прокуратураси эса ишлаб чиқарувчиларни текширишни бошлаб юборди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қозоғистон тухум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг