Қозоғистонда спортчилар оммавий заҳарланди

Олам

image

Кеча, 21 январь куни Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги дам олиш масканида 12 ёшдан 17 ёшгача бўлган 22 нафар спортчи овқатдан заҳарланди. Бу ҳақда “Sputnik Қозоғистон” хабар берди.

Маълум қилинишича, ўсмирлар минтақага Қизилўрда вилоятидан кураш бўйича ўқув-машғулот йиғинида иштирок этиш учун борган. Дам олиш масканига жами 103 нафар ёш спортчи ва 13 нафар мураббий жойлаштирилган бўлган. Улардан 22 нафар болада овқатдан заҳарланиш ҳолати кузатилган.

“Дастлабки ташхис номаълум этиологияли гастроэнтерит (меъда ва ингичка ичак шиллиқ қаватининг яллиғланиши). Касаллик сабабини аниқлаш учун беморлар ва озиқ-овқат маҳсулотларидан лаборатория намуналари олинди ва ҳозирда тест натижалари кутилмоқда. Вилоят Санитария-эпидемиология назорати бошқармаси тегишли текширув ўтказмоқда”, дейилади расмий баёнотда.

Шифохонада ётқизилганларнинг аҳволи енгил, умумий аҳволи қониқарли деб баҳоланган. Ўсмирлар доимий тиббий кузатув остида. Маҳаллий ҳокимият органлари туман полицияси ҳодиса ҳолатларини текшираётганини билдирган.

Шунингдек, вилоят ҳокими Ербол Карашукеевнинг кўрсатмаси билан вилоят ҳокимининг ўринбосарлари воқеа жойига борган ва тезкор гуруҳ йиғилиш ўтказган. Ҳозирда барча болалар тиббий кузатув остида эканлиги алоҳида қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олмаотада поездда 52 киши номаълум газдан заҳарлангани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон спортчи Жамбил заҳарланди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг