Қозоғистонда номаълум дрон қулади
Олам
−
21 Июнь 2023
9301Қозоғистондаги Бойқўнғир Иссиқлик электр станцияси яқинида учувчисиз учиш аппарати ҳалокатга учради. Бу ҳақда “SHOT” Telegram-канали хабар берди.
Қайд этилишича, маҳаллий хавфсизлик хизмати ходимлари бугун, 21 июнь куни эрталаб корхонанинг назорат-ўтказиш пунктларидан бири яқинида номаълум дронни топган, бироқ учувчисиз учар қурилма ҳудудга кирмаган. Манбанинг қайд этишича, қурилма корпусидан унинг идентификацион белгилари аниқланмаган. Дастлабки экспертиза давомида ундан портловчи моддалар топилмаган.
Дрон қулаши оқибатида жабрланганлар бўлмаган, шунингдек, бирор бинога шикаст етмаган. Мутахассислар дроннинг кимга тегишли эканини аниқлаш устида ишлаётгани айтилмоқда.
Маълумот учун, Бойқўнғир ИЭС Қозоғистоннинг Бойқўнғир шаҳридаги электр станцияси бўлиб, Россиянинг "Байконурэнерго" ишлаб чиқариш-энергетика бирлашмасига тегишли. Ушбу станция бутун шаҳарни, жумладан, космодром ва маҳаллий азот-кислород заводини энергия билан таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина уруши бошланганидан бери биринчи марта Беларусь ҳудудига дрон ҳужуми уюштирилгани айтилганди.
LiveБарчаси