Қозоғистонда депутатнинг ўғли ҳарбий хизматдан қочгани учун 15 суткага қамалди

Олам

image

Қозоғистон парламенти депутати Давлат Турлихоновнинг ҳарбий хизматни ўтаётган ўғли Пўлат Нурасил қўмондон буйруғига бўйсунмай, ҳарбий қисмни рухсатсиз тарк этгани учун 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Олмаота судлари матбуот хизматига таяниб, “Nur.kz" хабар берди

Аниқлик киритилишича, ушбу қарор Олмаота шаҳрининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди томонидан қабул қилинган бўлиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 652-моддаси 6-қисми (Қозоғистон Республикасининг ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) билан айбдор деб топилган.

Тергов маълумотларига кўра, 2 июль куни ҳарбий хизматчи Олмаота гарнизони қоровулхонасидан чиққанидан кейин қўмондон буйруғига биноан ҳарбий қисмга йўл олиши керак бўлган. Бироқ Пўлат Нурасил буйруққа бўйсунмай, Ҳарбий полиция бошқармаси биносига келган автомашинада номаълум томонга жўнаб кетган. Эртаси куни қочиб кетган аскар ҳарбий полициячилар томонидан ушланиб, хизмат жойига олиб кетилган.

Депутат ўғлининг қилмишини Қозоғистон мудофаа вазири Руслан Жақсилиқов изоҳлаб, воқеани “Таълимдаги бўшлиқлар” деб атади.

“Ҳарбий прокуратура қарорига кўра, у қўмондонлик назорати остида бўлиб, рухсатсиз ишдан чиққан. Яна бир бор айтаман армия вояга етмаган жиноятчиларни сақлаш учун колония эмас. Бизда бутунлай бошқа функциялар мавжуд. Ва бу таълимдаги бўшлиқлар”, дейди у.

Пўлат Нурасил билан боғлиқ вазиятга унинг отаси депутат Турлихонов ҳам изоҳ берди. У ўғли атрофидаги мавзуни кўп “чайнамаслик”ни сўраган. Бунга сабаб сифатида ахборот ҳужумлари унга катта психологик босим ўтказиши мумкинлигини айтган. Шунингдек, депутат ўғлининг севган қизи борлиги ва у билан учрашиш учун хизматдан қочганини айтиб ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон депутат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг