Қозоғистонда давлат хизматчилари учун қимор ўйинлари тақиқланди
Олам
−
08 Июль
2384Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қимор ўйинларига қарамликка қарши қонунни имзолади. Унда давлат хизматчилари, ҳарбий хизматчилар ва қарздорларнинг қимор ўйинларида иштирок этишини ва ёшларни ҳимоя қилиш учун Қозоғистонда 21 ёшгача бўлган шахсларга энергетик ичимликлар сотишни тақиқлаш назарда тутилган. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
“Масъулиятли давлат лавозимини эгаллаган, давлат вазифаларини бажаришга ваколатли шахслар ва уларга тенглаштирилган шахсларнинг қимор ўйинларида иштирок этиши чекланади”, дейилади Оқўрда матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, давлат хизматчилари, ҳарбий хизматчилар, махсус ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, бюджет ташкилотлари раҳбарлари қимор ва пул тикишда иштирок эта олмайди. Қонунга риоя қилмаганликлари учун ишдан бўшатилади.
Туризм ва спорт вазирлиги букмекерлик конторлари ва лотереяларни реклама қилишга чекловлар ўрнатди.
“Букмекерлар ва букмекерлик шохобчаларининг ташқи рекламаси, уларни автотранспорт воситаларида, оммавий ахборот воситаларида, кино, видео ва маълумотнома хизматларида реклама қилиш тақиқланади. Истиснолар: букмекерлик идораси ёки букмекерлик дўкони жойлашган жойда ташқи реклама; спорт иншоотлари ичида ва спортчилар жиҳозларида; рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситаларида, спорт мавзусига йўналтирилган реклама, шунингдек, маҳаллий телеканаллар томонидан халқаро спорт мусобақаларини тўғридан тўғри эфирга узатишда”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, тураржой бинолари, ётоқхоналар, диний бинолар, маданият ташкилотлари бинолари ва иншоотлари, шунингдек, ижтимоий соҳа (таълим, соғлиқни сақлаш), шу жумладан, ҳудудий объектларда лотерея чипталарини тарқатиш ва лотерея терминалларини ўрнатиш тақиқланди.
“Ёш авлод саломатлигини энергетик ичимликларни истеъмол қилиш оқибатларидан асраш мақсадида уларни 21 ёшга тўлмаган шахсларга сотиш тақиқланмоқда”, дея қўшимча қилди Оқўрда.
Маълумот учун, Қозоғистонда мунтазам равишда қимор ўйинларида қатнашиб, пул тикувчи 350 минг киши бор. 2026 йилга келиб Қозоғистон ҳукумати уларнинг сонини деярли ярмига қисқартирмоқчи, шу сабабли қимор ўйинларига қарамлар давлат ҳисобидан бепул даволаниш ва тиббий-ижтимоий реабилитация билан таъминланади. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан 80 миллион тенгедан (166 минг доллар) ортиқ маблағ ажратилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь