Қозоғистонда болалар учун фотосуратли ID-карталар жорий этилиши мумкин
Олам
−
15:56 229 2 дақиқа
Қозоғистонда болаларнинг шахсини фотосурат орқали аниқлаш имконини берувчи махсус ҳужжат ёки идентификация механизмини жорий этиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Ташаббус Қурултойдаги ҳукумат соатида депутат Екатерина Смышляева томонидан илгари сурилган.
Депутатнинг фикрича, болаларни фотосурат орқали идентификация қилиш уларни алмаштириш ва сотиш каби ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам бериши мумкин. У бу борада Адлия вазирлигида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани боланинг шахсини аниқлаш имконини берувчи маълумотлар билан тўлдириш режаси бор-йўқлиги ёки бошқа ҳужжат жорий этилиши кўзда тутилаётгани билан қизиққан.
Таълим вазири Жулдиз Сулайменова ушбу масалани ҳал этиш учун махсус комиссия тузилаётганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, асосий қийинчиликлар биометрик маълумотлардан фойдаланиш ва болаларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик талаблари билан боғлиқ.
“Биз боланинг фотосурати ва шахсини тасдиқловчи маълумотлардан фойдаланган ҳолда уни идентификация қилиш имконини берувчи вариант устида ишлаяпмиз”, деган вазир.
Адлия вазири ўринбосари Айдар Жарилганов эса туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома тиббий туғилганлик маълумотномаси ёки туғилиш ҳолатини тасдиқловчи суд қарори асосида берилишини тушунтирган. Ҳужжатни расмийлаштириш жараёнида ваколатли органлар боланинг шахсини текширмайди. Шунингдек, мазкур хизматни уларнинг иштирокисиз ҳам олиш мумкин.
Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, амалдаги талабларга кўра, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада боланинг фотосурати бўлиши шарт эмас.
Бундан ташқари, идентификация усулини танлашда боланинг ташқи кўриниши қанчалик тез ўзгариши ҳам ҳисобга олиниши керак. Жумладан, агар болани соғлиқни сақлаш муассасасида суратга олишга қарор қилинса, унинг ҳаётининг дастлабки йилларида ташқи кўриниши тез ўзгариши техник қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Ҳозирча болаларни идентификация қилиш учун айнан қайси ҳужжат ёки механизм танланиши маълум қилинмаган. Масала бўйича хорижий давлатлар тажрибаси ҳам ўрганилмоқда. “Қозоғистон болалари” концепцияси доирасида бу йўналишдаги ишларни 2027 йил июль ойига қадар якунлаш режалаштирилган.
Live
Барчаси