Қозоғистонда байроқни тескари илган ходим жазоланди

Олам

image

Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида мамлакат байроғини тескари илган ходимга чора кўрилди. Бу ҳақда “Tengrinews.kz” хабар берди.

Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқларда шаҳар ҳокимиятига тегишли бўлган байроқ тескари илингани акс этган видеолар тарқаб, аҳолининг муҳокама ва норозиликларини кетириб чиқарган.

Байроқ олиб ташланганидан кейин ҳам тармоқ фойдаланувчилари хатоликни қўпол эътиборсизлик сифатида баҳолаб, айбдорлар жазоланишини талаб қилган. Кейинроқ Атирау ҳокимлиги вазият юзасидан расмий муносабат билдириб, ҳолат техник хато эканини маълум қилган.

“17 октябрь куни пудратчи ташкилот ходимлари байроқни кўтариш чоғида техник хатога йўл қўйган. Улар мамлакат байроғини тескари осиб қўйган. Ҳозир байроқ регламентга мувофиқ ўрнатилган”, дейилади ҳокимият баёнотида.

Хабар қўшимча қилинишича, ташкилот ходими Қозоғистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 458-моддаси (Қозоғистон Республикаси давлат рамзларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича маъмурий жавобгарликка тортилган. Мазкур моддага кўра, унга 184 600 тенге (тахминан 4 млн сўм) миқдорида жарима белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Парижда бўлиб ўтган XXXIII Олимпиаданинг очилиш маросимида Олимпия байроғи адашиб, тескари кўринишда кўтарилган эди.

Бунёд Келдибоев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Қозоғистон байроқ Атирау

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг