Қозоғистонда 3 нафар ўзбекистонлик портлаб кетди

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида, металл қабул қилиш шохобчасида содир бўлган портлаш оқибатида 3 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Полиция бошқармасига таяниб, “Zakon.kz” хабар берди.

“Олмаота вилоятининг Илий туманида жойлашган металл қабул қилиш шохобчаларидан бирида юз берган фожиали ҳодиса бўйича полиция жиноят иши қўзғатди. Номаълум предмет портлаши оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Уларнинг жасадлари ҳаёт аломатларисиз топилди. Ҳодиса жойига дарҳол тезкор хизматлар – полиция, ёнғин хавфсизлиги ходимлари ва тез тиббий ёрдам бригадаси етиб борди”, дейилади хабарда.

Ҳозирда терговга қадар текширув олиб борилмоқда, воқеанинг сабаблари аниқланмоқда. Ҳодиса тафсилотлари ошкор қилинмаган. Расмий талқинга кўра, металл қабул қилиш жараёнида номаълум буюм портлаб кетган. Ташкилот эгасининг айтишича, металл орасида мина бўлган бўлиши мумкин.

“Бизнинг ортимизда цех бор. Уни хитойликлар ижарага олган. Афтидан, улар ўз вақтида арзон нархда металлолом сотиб олишган. Ўзлари ҳам билишмаган. Шулар орасида Мудофаа вазирлигидан чиққан металл чиқиндилари бўлиши мумкин. Лекин улар орасида портламаган миналар ҳам бор эди деб ўйлайман. Ҳозир барча куч тузилмалари келган, текширишмоқда”, дейди шохобча эгаси Амирбек Шербаев.

“Nur.kz” нашрининг ёзишича, воқеа жойида криминалистлар ва Мудофаа вазирлиги вакиллари ишламоқда. Ҳудудга ҳеч ким киритилмаяпти. Ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланган. Улар ишчилар экани ва барчаси Ўзбекистон фуқаролари экани маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Татаристоннинг Заинск туманида юз берган аянчли автоҳалокат оқибатида 3 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганди. Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консуллиги ҳам ушбу маълумотларни тасдиқлаб, жасадларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича маҳаллий ҳокимият органлари билан алоқа ўрнатилганини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Олмаота

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг