Қозоғистон яна Голан тепаликларига қўшин юборади

Олам

image

Қозоғистоннинг учинчи тинчликпарвар контингенти БМТнинг Голан тепаликларидаги миссиясига қўшилишга тайёр. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Мудофаа вазири ўринбосари, генерал-майор Асқар Мустабеков учинчи миллий тинчликпарвар контингентнинг Голан тепаликларидаги БМТ миссияси вазифаларини бажаришга тайёрлигини кўздан кечирган.

“Тинчликпарварлик операциялари марказининг “Бітімгер” ўқув марказида унга ҳарбий хизматчиларни тайёрлашнинг тўлиқ цикли тақдим этилди.

Дастур тактик, махсус, тиббий ва тил тайёргарлигини, шунингдек, халқаро стандартларга мувофиқ кўп миллатли муҳитда ҳаракат қилиш кўникмаларини ўз ичига олади”, дейилади идора хабарида.

Маълум қилинишича, ўқув жараёнида юқори масъулиятли шароитда ишлаш ва хорижий контингентлар билан ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вазир ўринбосари ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлик даражаси ва машғулотлар сифатини юқори баҳолаган. У ҳарбийларга хизматлари ва халқаро вазифаларни бажаришга шайлиги учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистоннинг глобал хавфсизликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси муҳимлигини таъкидлаган.

Вазирлик қозоғистонлик тинчликпарварлар БМТнинг халқаро миссиясига шай эканликларини тасдиқлаганини қайд этган. Мудофаа вазирлигининг қўшимча қилишича, БМТнинг Голан тепаликларидаги ажратиш чизиғини кузатиш миссияси 1974 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. Қозоғистон унда мустақил миллий контингент сифатида 2024 йилдан буён иштирок этмоқда.

Маълумот учун, 2024 йил март ойида Қозоғистон Қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари Сурия пойтахти Дамашққа учиб кетган ва у ердан автомобилларда “Фауар” тинчликпарварлик базасига етиб борган. Қозоғистон гуруҳи 139 нафар ҳарбий хизматчидан иборат бўлган. 2025 йил апрель ойида иккинчи миллий тинчликпарвар контингентни Голан тепаликларига тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтган. Ўша ойнинг ўзида Қозоғистон Голан тепаликларидаги тинчликпарвар контингентини расман алмаштирди ва миссиясини якунлаганлар ватанига қайтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Голан тинчликпарвар контингент

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг