Қозоғистон ва Қатар ҳамкорлик бўйича 12 та ҳужжатни имзолади
Олам
−
12 Октябрь 2022
2977Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликка оид 12 та ҳужжатни имзолади. Бу ҳақда бугун, 12 октябрь куни кенгайтирилган таркибдаги музокаралар якунлари бўйича республика Президенти матбуот хизматида маълум қилинди.
Иқтисодий ҳамкорликка оид ҳужжатлар орасида икки давлат ҳукуматлари ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим, савдо, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, туризм ва маркетинг фаолияти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум бор.
Шу билан бирга, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, Остона шаҳри ҳокимлиги ва Доҳа муниципалитети ўртасида қардош шаҳар муносабатларини ўрнатиш тўғрисида келишувлар имзоланди. Мамлакатлар соғлиқни сақлаш, спорт ва санъат соҳаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Қолаверса, давлатлар раҳбарлари дипломатларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзоладилар ҳамда дипломатик ва махсус паспорт эгаларини виза талабларидан озод қилиш тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритдилар.
Матбуот хизматининг таъкидлашича, томонлар Қозоғистон-Қатар муносабатларининг ҳолати ва ривожланиш истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратдилар. Қозоғистон Президенти Қатарни халқаро ҳамжамиятнинг нуфузли аъзоси деб билишини айтди.
Ол Соний Қозоғистон билан ҳар томонлама алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади, шунингдек, кўп томонлама тузилмалар доирасида, жумладан, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш доирасидаги ишларни давом эттириш тарафдори эканини таъкидлади.
“Бу муҳим воқеа. Бу давр мобайнида биз давлатлараро яқин ҳамкорликни йўлга қўйдик. Анъанавий дўстлик ва мустаҳкам шериклик ришталарига асосланган конструктив сиёсий мулоқот ўрнатилди. Қатар давлатининг ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани ва мамлакатимиз ривожига қўшган ҳиссаси бизни ҳамиша ёдимизда сақланади. Қозоғистон-Қатар муносабатларини янада мустаҳкамлашга тайёрмиз”, дея хулоса қилган Қозоғистон Президенти.
Қатар Амирининг Қозоғистонга ташрифи ҳақида
Қатар амири 11 октябрь куни куни давлат ташрифи билан Қозоғистонга келди. У 13 октябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммитида иштирок этади. Учрашувда Озарбайжон, Ироқ, Эрон, Қатар, Қирғизистон, Фаластин, Россия, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистон раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Беларусь Президенти форум ишида иштирок этади, чунки республика Кенгашда кузатувчи ҳисобланади.