Қозоғистон Ўзбекистон билан трансчегаравий сувлардан фойдаланиш бўйича келишув лойиҳасини эълон қилди
Жамият
−
26 Май 2020
6314Қозоғистон Ўзбекистон билан трансчегаравий сув объектларини бошқариш, фойдаланиш ва қўриқлаш тўғрисидаги келишув лойиҳасини эълон қилди.
Ушбу келишув лойиҳасидан кўзда тутилган мақсад трансчегаравий таъсирларнинг олдини олиш, чеклаш ва камайтириш, трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш, оқилона фойдаланиш эканлиги айтилган.
Келишув лойиҳасига кўра, томонлар трансчегаравий сув объектлари ва сув хўжалиги иншоотларини бошқариш, фойдаланиш ва қўриқлашда яқиндан ҳамкорлик қилади.
Шу мақсадда:
• сув ресурсларининг сув хўжалиги иншоотларига тақсимланишини таъминлайди;
• ҳамкорликда трансчегаравий сув объектлари ва сув хўжаликларида сув миқдорини автоматик ҳисоблаш тизимини яратади;
• сув хўжалиги иншоотларини реконструкция, эксплуатация қилиш ва таъмирлаш-эксплуатация ишлари, техник хизматларни молиялаштириш масалалари бўйича ҳамкорлик қилади;
• трансчегаравий сув объектларидан фойдаланиш ва қўриқлаш бйўича мониторингни амалга оширади;
• трансчегаравий сув объектларида янги сув хўжалиги иншоотлари қурилишини келишиб олади;
Ҳужжатда кўрсатилишича, томонлар трансчегаравий сув объектларига нисбатан тенг ҳуқуққа эга ва улардан бошқа тарафга зарар етказмаган ҳолда фойдаланади.
Трансчегаравий сувлардан адолатли ва мақсадли фойдаланиш учун томонлар “Достик”, Катта Келес магистрал канали, Зах, Хоним, Ачинау, Оққуйли, Шимолий Тошкент ва Юқори Тошкент каналлари устидан давлатаро бошқарув жорий қилиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, 1 май куни Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти ҳудудидаги “Сардоба” сув омборида тўғон девори бузилиши оқибатида 276 квадрат километрдан ортиқ майдон сув остида қолди, шундан 76 кв км майдон Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Мақтарал тумани ҳудудига тўғри келди.
Қозоғистон ҳудудида 10 та аҳоли пункти сув тошқинидан жабрланди, 30 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тошқин натижасида Қозоғистон томони 404 млн тенге зарар кўргани айтилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь