Сардоба сув омбори қурилиши биз билан келишилмаган – Қозоғистон Ўзбекистонга нота йўллади
Олам
−
05 Май 2020
24974Қозоғистон Ўзбекистонга Сардоба сув омборининг ёрилиши юзасидан барча маълумотни тақдим этишини сўраб, нота йўллади. Сув тошқини натижасида Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида 10 та аҳоли пункти сув остида қолган. Бу ҳақда "Tengrinews.kz" хабар берди.
Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги ўзбекистонлик ҳамкасбларига Ўзбекистон томонидан трансчегаравий сувларда қурилган гидротехник иншоотлар тўғрисида тўлиқ маълумот беришни сўраб расмий хат йўллаган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам аъзо бўлган халқаро келишув нормаларига кўра, трансчегаравий сувларда гидротехник иншоот қураётган томон иккинчи томонни огоҳлантириши ва у билан келишиши керак. Сардоба сув омбори эса Ўзбекистон томонидан Қозоғистон билан келишилмаган ҳолда қурилган.
“Кўрсатилган сув омбори қурилиши биз билан келишилмаган. Биз буни бир неча бор Ўзбекистон томонига билдирганмиз, аммо биз бу ҳақда фақат кичик маълумотларни олдик. Бугун биз нота тайёрладик, у Ташқи ишлар вазирлиги орқали юборилади, унда бизнинг трансчегаравий сувларимизда Сирдарё дарёси ҳавзасида қурилган барча объектларнинг тўлиқ рўйхатини тақдим этиш сўралган”, деди Қозоғистоннинг Экология, геология ва табиий ресурслар бўйича вазири ўринбосари Сергей Громов.
Дамба ёрилиш натижасида 276 минг квадрат километр майдон сув остида қолган. Шунинг 76 квадрат километри Қозоғистон ҳудудига тўғри келган.
Громовнинг маълумотига кўра, 1 май куни унга Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари қўнғироқ қилган. У дамба ёрилгани ва сув Қозоғистон ҳудудига ўтмаслигини айтган.
“Шунга қарамай, биз фавқулодда эвакуация ишларини ташкил қилдик ва ҳақ бўлиб чиқдик. Яхшиямки, қурбонларнинг олдини олишга, одамларни ва кўп сонли чорва молларини қутқаришга муваффақ бўлдик”, деди вазир.
У мамлакатдаги барча гидротехник иншоотларни тўлиқ визуал текшириш якунланганини эълон қилди. Биринчи навбатда реконструкцияга муҳтож сув омборлари аниқланди.
Аввалроқ, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокими Умрзоқ Шукеев ва Қозоғистон сув хўжалиги соҳасининг мутахассислари Махтарал туманида юз берган сув тошқини масаласи бўйича музокара ўтказиш учун Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятига келаётгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси