Қозоғистон Украинага гуманитар ёрдам жўнатди
Олам
−
14 Март 2022
6785Бугун, 14 март куни эрталаб Олма-ота аэропортидан Украинага Қозоғистондан инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. Бу ҳақда “Tengrinews” нашри хабар берди.
Қозоғистон Республикаси Президенти кўрсатмаси билан Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Украинага инсонпарварлик ёрдами тайёрлаган. Қозоғистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги Халқаро гуманитар ёрдам комиссияси Украина аҳолисига тиббий препаратлар партиясини ажратган.
Гуманитар юк ортилган самолёт Олма-ота –Катовице (Польша) йўналиши бўйича парвоз қилди. Ёрдам юки Air Astana авиакомпаниясининг Boeing 767 самолётида етказилади.
Автоматлаштирилган юклагич ёрдамида аэропорт ходимлари бор-йўғи 20 дақиқа ичида ҳар бирининг оғирлиги бир неча тонна бўлган тўртта контейнер дори-дармонларни самолётнинг юк бўлимига жойлаштирган. Гуманитар ёрдамнинг умумий оғирлиги 28,2 тоннани ташкил этади ва 17 турдаги дори воситалари: антибиотиклар, яллиғланишга қарши, йўталга қарши ва антигипертензив дорилардан иборат. Юк 14 ва 15 март кунлари иккита рейсда жўнатилади.
Юборувчи томон вакилининг сўзларига кўра, юк жуда тез, бир неча кун ичида йиғилган. Дори-дармонларни сақлаш учун махсус шароит талаб қилинмайди.
Аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат Украина фуқароларига дори-дармон ва бошқа зарур маҳсулотлар билан гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёр эканини маълум қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь