Қозоғистон телерадиокомпанияларда рус тилидан воз кечишни бошлаяпти

Олам

image

Қозоғистон ҳукумати яқин йилларда давлат – қозоқ тилидаги теле ва радиоэшиттиришлар улушини босқичма-босқич 50 фоиздан 70 фоизга ошириш ниятида. Бу ҳақда Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева брифингда маълум қилди, деб хабар бермоқда “Inform.kz”

“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси доирасида давлат тилидаги теле ва радиоканалларнинг кўрсатувлари ҳажмини 50 фоиздан 70 фоизга ошириш таклиф этилмоқда”, деган вазир. 

Унинг  тушунтиришича, ҳозирда қозоқ тилининг улуши 50 фоизни ташкил этувчи радиоэшиттириш баланси 1999 йилда тузилган.  

“Қарийб 25 йилдан сўнг мамлакатимизда давлат тили ва маҳаллий контентни ривожлантириш тенденциялари ўзгарди. Шундай қилиб, бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида давлат тилида тайёрланаётган контентнинг улуши 80 фоиздан ортиқни ташкил этмоқда”, дейди Балаева. 

Унинг сўзларига кўра, республика аҳолисининг 80 фоиздан ортиғи қозоқ тилида сўзлашади.  

“Ана шу омилларнинг барчасини инобатга олган ҳолда давлат тилидаги теле ва радиоэшиттиришлар ҳажмини 70 фоизга етказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Таъкидлаш жоизки, бундай ўтиш босқичма-босқич бўлиб, 2025 йилдан бошлаб ҳар йили 5 фоизга ошади”, дея таъкидлади вазир. 

Унинг қўшимча қилишича, тегишли қонун лойиҳаси ҳозирда парламент қуйи палатаси ишчи гуруҳида хорижий мутахассислар, шунингдек, Қозоғистон оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда муҳокама қилинмоқда. 

Конституцияга кўра, Қозоғистоннинг давлат тили қозоқ тилидир. Шу билан бирга, давлат ташкилотлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида рус тили расмий равишда у билан тенг равишда қўлланилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Рус тили қозоқ тили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг