Қозоғистон мамлакатга таҳдид қилган россиялик журналистга жавоб қайтарди
Олам
−
28 Апрель 2022
20660Россиялик журналист Тигран Кеосаяннинг Қозоғистонга кириши тақиқланиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Кеосаяннинг Қозоғистон ҳақида билдирган фикрига жавобан маълум қилди.
“Россиялик журналист Тигран Кеосаяннинг ҳақоратли ва моҳиятан нохолис нутқи эътибор тортмоқда. Эҳтимол, унинг баёноти Россия жамоатчилиги ва сиёсий элитасининг маълум бир қисмининг нуқтаи назарини акс эттирар, лекин ҳеч қандай тарзда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик руҳи ва мазмунига ҳамда давлат раҳбарлари даражасидаги амалдаги келишувларга мос келмайди”, деган Қозоғистон ТИВ матбуот котиби Айбек Смадияров.
ТИВ муносабатида таъкидланишича, бундай чиқишлар “яхши қўшничилик муносабатлари муҳитини заҳарлайди ва стратегик шериклик мухолифларининг фойдасига хизмат қилади”.
“Ўйлайманки, у Қозоғистонга кириши номақбул шахслар рўйхатига киритилади”, деган вазирлик матбуот котиби.
Кеосаян нима деганди?
Жорий йилнинг 24 апрель куни Кеосаяннинг YouTube’даги каналида унинг қозоғистонликларни ношукрликда айблаб, Украинадаги аҳволдан хулоса чиқаришга чақирган ҳақоратли видеоси пайдо бўлди.
“Қозоқлар, биродарлар, бу қандай ношукрлик? Йигитлар, сизлар ростдан ҳам Россия қайгадир буғланиб кетди, деган қарорга келдингларми? Марсга кўчиб кетяптими? Ёки сизлар кўчиб кетяпсизларми? Мен Россия Федерацияси фуқароси Тигран Эдмондович Кеосаян шахсий фикримни айтаман. Украинага диққат билан қаранг, жиддий ўйлаб кўринг. Украинага диққат билан қаранг, жиддий ўйлаб кўринг. Ўйлайманки, бизнинг масъулларимиз ҳам муносабатлар даражасини қайта баҳолашлари, қайта кўриб чиқишлари керак. Чунки, азизларим, агар сиз шундай айёр бўлишда давом этаман ва бунинг учун ҳеч нарса бўлмайди деб ўйласангиз, адашасиз”, дейди Кеосаян таҳдидомуз тарзда.
Журналист дунё ўзгарганини, ҳозир уруш вақти эканини таъкидлаб, Қозоғистон ва бошқа давлатлар ўз тарафини белгилаши кераклигини урғулаган.
“Дунё ўзгарди, ҳамма нарса ўзгарди. Ва поезд кетмоқда. Сиз ҳали ҳам охирги вагонга осилиб олишингиз мумкин. Лекин сиз бундай чалқала олмайсиз. Ҳеч бўлмаганда мен бунга ишонаман, чунки ҳамма дўстлик ўйинлари тугади. Энди бу омон қолиш масаласи.
Уруш кетяпти. Икки улкан, катта ғоя, иккита катта давлат ва иккинчи давлат Украина эмас, балки Америка ва НАТОдир. Аммо қолган барча давлатлар, айниқса, қардош давлатлар қатъиятли бўлиб, тараф олишлари керак. Ва биз диққат билан кузатишимиз керак – ким биз билан ва ким йўқ”, дейди Кеосаян.
У бир қарорга келмаган, нодўстона сигналлар берган давлатларга ҳеч бўлмаганда иқтисодий ва ахборот доктринасида душмандек қараш кераклигини таъкидлаб ўтган. Шу билан бирга журналист КХШТ кучлари Қозоғистонда тартибсизликларни бостиришга, ҳукуматни сақлаб қолишга ёрдам берганини айтиб, расмий Нур-Султон 9 май муносабати билан ҳарбий парад ўтказмаслигини танқид қилган.
LiveБарчаси