Қозоғистон Курскдаги вазиятга муносабат билдирди
Олам
−
14 Август
15623Қозоғистон давлатлар ўртасидаги барча низоларни фақат тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров баёнот берди.
Унинг айтишича, Қозоғистон давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини кафолатловчи БМТ Низомига риоя қилиш муҳимлигини доимо таъкидлайди.
“Ҳақиқатан ҳам, бугун бутун дунё Россия Федерациясининг Курск вилоятининг айрим ҳудудларидаги вазиятни катта ташвиш билан кузатмоқда. Шуни таъкидлашни истардимки, Қозоғистон давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги тамойилини аниқ белгилаб берувчи БМТ Низомига барча давлатлар риоя этиши зарурлигини доимо таъкидлаб келади. Биз давлатлар ўртасидаги барча низоларни сиёсий ва дипломатик воситалардан кенг фойдаланган ҳолда фақат тинч йўл билан ҳал этиш тарафдоримиз”, дейди у.
Айбек Смадияров халқаро ҳамжамиятнинг конструктив ечимларни топишга қаратилган саъй-ҳаракатларини Қозоғистон ҳам олқишлашини таъкидлади.
Маълумот учун, Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги операцияси жорий йилнинг 6 август куни бошланган эди. Кореневский, Суджа ва Беловский туманларида жанглар кетмоқда. Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов 2024 йилнинг 12 август куни украиналикларнинг ўз вилоятидаги 28 та аҳоли пунктидаги назоратини тан олди.
Зебо Туробжонова
LiveБарчаси