Қозоғистон кўнгилли мудофаа полкларини тузишни бошлади
Олам
−
11 Июнь 7034 2 дақиқа
Қозоғистонда ҳудудий мудофаа кучларини шакллантириш расман бошланди. Бу ҳақда Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ва мамлакат олий ҳарбий раҳбариятининг учрашувида маълум қилинди.
Давлат раҳбари ҳудудий мудофаа, шунингдек, махсус оператив қўшинларни ривожлантириш миллий хавфсизлик соҳасидаги устувор вазифалардан бири эканини алоҳида таъкидлади.
Янги тузилмаларни яратиш учун жорий йилнинг апрель ойида парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинган қонун асос бўлди. Мазкур ҳужжатга кўра, ҳудудий мудофаа ихтиёрийлик асосида шакллантирилади. Янги бўлинмаларнинг вазифалари аҳоли пунктлари ва стратегик объектларни муҳофаза қилиш, истеҳкомлар қуриш, аҳолини эвакуация қилиш, шунингдек, инқироз ҳолатларида ички барқарорликни таъминлашга қаратилган бошқа тадбирларни ўз ичига олади.
Алоҳида ҳудудий мудофаа бўлинмалари зарур ҳолларда Қозоғистоннинг мунтазам Қуролли кучлари таркибига киритилиши ва жанговар ҳаракатларга жалб этилиши мумкин.
Президент Тўқаевнинг сўзларига кўра, ҳудудий мудофаа қўшинларини ташкил этиш ҳозирги геосиёсий вазият чақириқларига жавоб беради ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, янги тузилманинг самарали фаолият кўрсатиши учун кадрлар тайёрлаш ва инфратузилма муҳимлигини таъкидлади.
Қозоғистон Мудофаа вазирлиги ташкилий ва штат тузилмасини ишлаб чиқиш, шунингдек, кўнгиллиларни ёллаш ва ўқитишни аллақачон бошлаб юборган. Дастлабки ҳудудий мудофаа бўлинмалари яқин ойларда тўлақонли ишга киришиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Мудофаа вазири Руслан Жақсилиқовни лавозимидан озод қилиб, унинг ўрнига Даурен Косановни тайинлаганди.
Live
Барчаси