Қозоғистон ҳам олов ичида қолган Туркияга ёрдам юборди
Олам
−
07 Август 2021
6083Бугун, 7 август куни Қозоғистон иккита EMERCOM вертолётини ўрмон ёнғинларини ўчириш ва уларнинг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида Туркияга юборди. Бу ҳақда “Sputnik Казахстан” нашри хабар бермоқда.
“Бугун Туркияга жўнаб кетган Қозоғистон вертолётлари уч давлат чегараларидан оралиқ қўниш билан парвоз қилиб Муғла шаҳрига етиб борди”, дейди Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг расмий вакили Талгат Уали.
Таъкидланишича, қутқарувчиларнинг Туркия расмийлари билан ўзаро ҳамкорлиги Қозоғистоннинг Туркиядаги элчихонаси томонидан мувофиқлаштирилган.
Қозоғистон ёниб кетган жойларда ўрмон қопламини тиклаш учун гуманитар ёрдам кўрсатмоқчи. Маълум бўлишича, ушбу ёрдам қозоқ ва турк халқлари ўртасидаги дўстлик ҳамда биродарлик ришталарини ифодалаш учун мўлжалланган.
Туркия олов ичида
Жорий йилнинг 28 июлида Туркияда ўрмон ёнғинлари бошланди. Ёнғин мамлакатнинг бир қанча вилоятларига тарқалган. Уларнинг ичида энг азият чеккани сайёҳлик вилояти — Aнталия бўлиб турибди. Бир неча кундан бери давом этаётган ёнғинлар оқибатида 9 киши ҳалок бўлган ва 864 дан ортиқ киши жароҳатланган. Туркия Президенти зарар кўрган ҳудудларни фалокат ҳудуди, деб эълон қилган.
Қайд этиш керакки, кеча, 30 июль куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Туркиядаги ўрмон ёнғинларини ўчириш ва уларнинг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида мамлакатга ёрдам гуруҳлари юборилишини маълум қилди.
Шунингдек, Украина, Россия ва Испания ҳам Туркияга ўрмон ёнғинларини ўчириш учун ёрдам кучларини юборди.
LiveБарчаси