Қоровулбозордаги қамоқхона раҳбарининг “зами” маҳкумни калтакладими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Қоровулбозор шаҳри 17-сонли жазони ижро этиш колониясида (ЖИЭКда) маҳкумларга тазйиқлар бўлаётгани, колониянинг махсус бўлими томонидан маҳкумларнинг мурожаатлари қабул қилинмаётганлиги ҳамда Мирзоҳид исмли маҳкум колония раҳбарининг биринчи ўринбосари томонидан калтакланиб, тишлари синдирилганлиги ҳақида хабар тарқалганди.

Мазкур ҳолат юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) расмий муносабат билдирди. Унга кўра, ҳолат Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Зебунисо Муҳаммедова томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилган.

Ўрганиш жараёнида 17-сонли ЖИЭКда Мирзоҳид исмли бир неча маҳкум жазо муддатини ўтаётгани, улар орасида Фарғона вилоятидан фақат бир нафар маҳкум Мирзоҳид Ботиров борлиги аниқланган.

Маълумотга кўра, ушбу маҳкум суд ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 4-қисми билан айбли деб топилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Таъкидланишича, у 2019 йилнинг 28 июль кунидан 17-сонли ЖИЭКда жазо муддатини ўтаб келмоқда. Ҳозирда колониянинг ғишт ишлаб чиқариш цехида ишламоқда.

“Омбудсманнинг минтақавий вакили З.Муҳаммедова маҳкум Мирзоҳид Ботиров билан шахсан учрашиб, суҳбат ўтказганида, у хабарда ёзилган маълумотларни тасдиқламади. Маҳкум Мирзоҳид Ботировнинг сўзларига кўра, колония ходимлари томонидан унга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган, ҳеч ким томонидан калтакланмаган ва тишларига ҳам зарар етказилмаган. Шунингдек, у колонияда унга нисбатан яхши муносабатда бўлинаётганлигини, зарур бўлганда тиббиёт бўлими ходимлари томонидан керакли муолажалар қилиниб, дори-дармонлар берилаётганлигини ҳамда ойлик маошларини ўз вақтида олаётганлигини қайд этган.

Ижтимоий тармоқда тарқатилган мазкур хабар юзасидан ўтказилган ўрганиш ишлари давомида маҳкумнинг танасида ва оғиз бўшлиғида ҳам қийноқ аломатлари топилмади”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, Омбудсманнинг минтақавий вакили колонияда жазо муддатини ўтаётган 5 нафар маҳкум билан ҳам яккама-якка тарзда суҳбатлашган. Суҳбат жараёнида улар томонидан ҳам ижтимоий тармоқда тарқатилган мурожаатда қайд этилган ҳолатлар тасдиқланмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

қамоқхона қийноқ

Баҳолаганлар

360

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг