Қорақалпоғистонда СССР тангаларини Россияга олиб кетмоқчи бўлган шахс ушланди
3-саҳифа
−
21 Сентябрь
9267Қорақалпоғистон Республикасида тарихий ва маданий бойликларни олиб чиқишга бўлган навбатдаги уринишлар фош қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, “Қорақалпоғистон” темирйўл чегара божхона пости ходимлари томонидан “Тошкент-Волгоград” йўналишидаги поезд божхона назоратидан ўтказилганда, йўловчилардан бири бундан 54 йил муқаддам ишланган бюстни яширин тарзда олиб чиқаётган вақтда тўхтатиб қолинган.
“Довут-ота” чегара божхона постида аниқланган ҳолатда эса автотранспорт воситасида Ўзбекистондан чиқиб кетаётган йўловчи ўзи билан 12 дона тарихий осори атиқаларни олиб чиқаётган вақтида фош қилинган. Улар орасида 1965 йилда ва 1970 йилда СССРда зарб этилган 2 дона танга, ХХ асрга мансуб барчаси кумушдан ишланган 1 дона билагузук, 1 дона узук, 2 дона чойқошиқ, аёллар кийимига тақиладиган 2 жуфт тўқа бор.
Мазкур ашёлар орасида 4 дона қадимий китоб ҳам мавжуд бўлиб, санъатшунослар хулосасига кўра, китоблардан 3 таси тошбосма усулида ХIХ асрда чоп этилган бўлиб, асосан ислом дини тарихига оид ноёб манбалар ҳисобланади. Китоблардан яна бири эса ХХ аср бошларида Тошкентда чоп этилган.
Мазкур қадимий ашёлар Нукус шаҳрида жойлашган Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейига топширилган. Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан маъмурий ишлар юритилиб, суд органларига юборилган.
Маълумот учун, “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги қонунга асосан, 50 йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликларни Ўзбекистондан олиб чиқиш мумкин эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятида қадимий нумизматика буюмларини мамлакат ҳудудидан олиб чиқмоқчи бўлган шахс ушланганди. Ашёвий далил сифатида олиб қолинган 263 дона қадимий тангаларнинг бир қисми дастлабки таҳлилларга кўра, бундан 500 йил муқаддам зарб этилган.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь