Қорақалпоғистонда поезд ва юк машинаси тўқнашиб кетди
3-саҳифа
−
30 Июль 7313 1 дақиқа
Бугун, 30 июль куни Қорақапоғистон Республикаси ҳудудидан ўтган темирйўлда юк машинаси ҳамда поезд тўқнашиб кетди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 16:09 да Бадай ва Беруний станциялари ўртасидаги 592-километрда қўриқланмаган темирйўл кесишмасида авария содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, КамАЗ юк машинаси йўл ҳаракати қоидаларига эътибор бермай, “Андижон-Қўнғирот” йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётган йўловчи поезди олдидан ўтиш жойини кесиб ўтмоқчи бўлган. Ҳодиса оқибатида юк машинаси ва поезд ўртасида тўқнашув содир бўлган, тепловоз рельсдан чиқиб кетган. Аммо тўқнашув оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Воқеа жойига зудлик билан етиб келган тезкор гуруҳ воқеа ҳолатлари юзасидан суриштирув ишларини олиб борган.
Билдирилишича, темирйўлчилар ўз вақтида чора кўриб, поезднинг барча йўловчилари 6 та автобусда Нукус ва Қўнғирот шаҳарларига жўнатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида поезд ва микроавтобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганди. ЙҲХБ хабарига кўра, ҳодиса туфайли транспорт воситалари техник жиҳатдан шикастланган. Фуқаролар соғлиғига зарар етмаган.