Қорақалпоғистонда Орол фожиаси ҳақида ҳикоя қилувчи музей очилади
Жамият
−
20 Февраль 503 2 дақиқа
АҚШнинг Вашингтон шаҳрига амалий ташрифдан сўнг Тошкентга қайтиб келган Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда туризмни ҳудуднинг асосий драйверларидан бирига айлантириш зарурлиги таъкидланган.
“Борса келмас” туз кони ҳудудида “Ер кўзгуси” бренди остида туризм-рекреацион зонаси, Оролбўйи ва Устюрт платосида Марс сайёраси манзарасини эслатувчи нуқталарда глэмпинг зоналари ташкил этилади, Орол денгизи қуриши оқибатларини бутун дунёга намойиш қилиш учун Орол денгизи тарихи музейи очилади.
Бу ишлар ҳисобига жорий йилда Қорақалпоғистонга 500 минг хорижий ва 3 миллион маҳаллий сайёҳ жалб этиш вазифаси қўйилган. Машҳур туроператорларга ҳудуднинг жозибадорлигини ошириш учун қўшимча имтиёзлар жорий қилинади.
Интеллектуал лойиҳалар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича янгича тизимни Қорақалпоғистондан бошлаш белгиланди. Ёшлар ижтимоий-иқтисодий марказида IT университети ва стартаплар учун технопарк ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, сунъий интеллектни ривожлантиришга 5 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилиниб, маълумотларни қайта ишлаш, “булутли” маълумотлар ва ҳисоблаш марказлари имкониятларидан фойдаланиш даражаси 10 карра оширилиши кўзда тутилган. Жорий йилда Қорақалпоғистонда 1 миллион долларлик 10 та стартап лойиҳасини бошлаш, бу мақсадларга Илм-фан ва инновациялар жамғармасидан ҳар йили 30 миллиард сўмдан ажратиб бориш топширилган.
2027 йил якунигача Қўнғиротда халқаро стандартларга жавоб берадиган “қуруқ порт” мақомига эга Орол логистика марказини ташкил этиш вазифаси қўйилган.
Жорий йилда Қорақалпоғистондаги инфратузилма лойиҳалари учун 150 миллиард сўм, марказлашган ичимлик сув таъминотини яхшилашга 2,2 триллион сўм йўналтирилиши, ичимлик суви ва канализация тармоқлари, сув тақсимлаш ва тозалаш иншоотлари ҳамда йўл қурилиши лойиҳаларига 200 миллион доллар жалб қилиниши белгиланган.
Йиғилиш якунида Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда белгиланган марраларга эришиш учун барча имконият ва ресурсларни тўлиқ ишга солиш, ҳар бир туман ва маҳаллада аниқ ҳисоб-китоб ҳамда манзилли ёндашув асосида иш ташкил этиб, аҳоли турмуш сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалий натижасини тезроқ таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистонда кўмирдан олтин ажратиб олиш фабрикаси қурилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси