Қорақалпоғистонда хориждаги эрига жаҳл қилиб, болаларини калтаклаган аёлга чора кўрилди
3-саҳифа
−
29 Июль 2023
8010Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманида аёл Қозоғистонда ишлаётган эрига жаҳл қилиб, болаларини мунтазам қийнаб келгани ҳақида хабарлар тарқалди. Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 19 июль куни Қораўзак тумани, “Қутли макон” МФЙда яшовчи фуқаро П.Ж. Қозоғистонда ишлаб юрган турмуш ўртоғи К.С. билан юзага келган келишмовчилик натижасида, вояга етмаган фарзанди Т.Ж.га тазйиқ ўтказиб, уни ҳақорат қилгани тасвирланган видеони турмуш ўртоғи К.С.га Теlegram орқали юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан кеча, 27 июль куни туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан фуқаро П.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” банди (вояга етмаган шахсни муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ушбу оилада тарбияланаётган уч нафар вояга етмаганларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида туман прокуратураси томонидан уларнинг ҳолидан хабар олиниб, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Ички ишлар органларининг психолог хизмати ходимлари жалб қилинган.
Ҳозирда вояга етмаганлар Қозоғистондан қайтиб келган отаси К.С.нинг қарамоғига топширилган. Жиноят иши тергови Қорақалпоғистон прокуратураси томонидан назоратга олинган.
LiveБарчаси