Қорабоғдан учта оммавий қабр топилди

Олам

image

Қорабоғдаги Хўжаванд туманининг Эдилли қишлоғида озарбайжон аскарлари қолдиқлари бўлган учта оммавий қабр топилди. Бу ҳақда Озарбайжон Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-тиббий экспертиза ва патологик анатомия уюшмаси тиббий суд экспертизаси бўлими бошлиғи Нурана Ҳусейнова маълум қилди. 

Уюшма директори Адалат Ҳасановнинг айтишича, 25 кишининг жасади топилган.

“Дафн этилган жойдан кийим-кечак, қора чарм туфли топилган. Бундан ташқари, шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, иккита пичоқ, сигарет қолдиқлари, ўқлар, гилзалар ва снарядлар топилган. Шунингдек, тасмада юлдуз, ўроқ ва болға бўлган белбоғлар ҳам топилди”, дейди Ҳусейнова хоним.

Унинг сўзларига кўра, қолдиқлар ҳарбий прокуратура қарорлари билан бирга суд-тиббиёт экспертизаси бўлимига юборилади ва у ерда аниқроқ экспертиза ўтказилади.

Жаноб Ҳасановнинг айтишича, бундай қолдиқлар “Қорабоғнинг босиб олинган ҳудудлари озод қилинганидан” кейин, гувоҳлар кўрсатмаси асосида ёки қазиш, таъмирлаш ва қурилиш ишлари давомида тасодифан топилган. Унинг сўзларига кўра, Эдилли қишлоғида арманлар “асирга олинган озарбайжонликлар учун алоҳида жой ажратиб, уларни оммавий дафн қилган”.

“Қолдиқлар рақамланади, уларнинг жинси, ёши, бўйи, ўлим сабаблари аниқланади. Кейин генетик экспертизадан сўнг бедарак йўқолганларнинг уч нафар қариндошидан генетик профиллар ва намуналар олинади ва уларнинг шахси аниқланади. Айни дамда 25 кишининг жасади топилди”, дейди Озарбайжон Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-тиббий экспертиза ва патологик анатомия уюшмаси директори.

Қорабоғ уруши

1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди.  Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қорабоғ

Баҳолаганлар

187

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг