Остона тергови Баку ва Москва муносабатлари тақдирини ҳал қилади
Таҳлил
−
06 Январь
7695Ортда қолган йилнинг 25 декабрида Қозоғистон ҳудудида ҳалокатга учраган Озарбайжон авиакомпаниясига тегишли Embraer 190 самолётининг "қора қути"лари таҳлил қилиш учун Бразилияга етказилди. Аэронавтика бўйича мутахассислар аллақачон мазкур самолётнинг "қора қути"ларидаги маълумотларни таҳлил қилишни бошлаган. Баку ва Москва ўртасида ўзаро зиддиятга сабаб бўлган ҳалокат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ушбу жараёнда айни дамда Қозоғистондан уч нафар терговчи, Озарбайжон ва Россия агентлари қатнашмоқда. Улар ҳаво ҳалокатларини текшириш ва олдини олиш марказида йиғилган бўлиб, мазкур тергов жараёнига Бразилия ҳам кўмаклашаётгани маълум қилинди.
"Қора қути" нималарни очиқлайди?
Самолёт ҳалокати ҳақида барча нарсани “сўзловчи” қутини океан ортига юбориш қарори ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Биринчидан, Embraer 190 самолёти Бразилиянинг Embraer С.А. компанияси томонидан ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам яқинда “Ана тили” газетасига берган интервьюсида авиаҳалокат бўйича тузилган ҳукумат комиссияси регистраторларни декодлаш учун кема ишлаб чиқарилган Бразилияга юборишга қарор қилганини айтганди. Унинг фикрича, бу терговнинг холислигини таъминловчи ягона тўғри қарордир. Шунингдек, Чикаго конвенциясига кўра, авиация ҳодисаси бўйича терговни амалга оширувчи мамлакат "қора қути"ни таҳлил қилиш учун давлат танлаш ҳуқуқига эга. Уни Бразилияга юбориш қарори Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти тавсиялари, ҳамда Россия ва Озарбайжон билан ўтказилган маслаҳатлашувлар натижасида қабул қилинган. Билдирилишича, мазкур қарор "қора қути"ни таҳлил қилиш жараёнининг юқори даражада ишончлилигини ва самолёт ишлаб чиқарувчиси тажрибасидан фойдаланишни таъминлашга қаратилган. Шундай қилиб, Бразилияда жойлашган авиаҳалокатларни текшириш ва олдини олиш марказида техник ходимлар "қора қути"лардан маълумотларни ажратиб олиш ва таҳлил қилиш устида ишлашни бошлаб юборган. "Қора қути"нинг таҳлиллари учувчиларнинг овоз ёзувлари ва самолётнинг қулашигача бўлган ҳолати ҳақидаги маълумотларни қўлга киритиш имконини беради. Айни дамда Бразилияда ўтказилаётган текширув натижалари Қозоғистон раҳбарлигида олиб борилаётган тергов якуний ҳисоботида эълон қилиниши айтилмоқда.
“Техник маълумотлар фавқулодда қўниш вақтида юзага келган носозликлар, шунингдек, Бакудан Грознийга учган Озарбайжон ҳаво йўллари рейси йўналишидаги ўзгаришларни тушунтиришга ёрдам беради”, дейилади хабарда.
Қозоғистон Транспорт вазири ўринбосари Талгат Ластаев Озарбайжон авиакомпаниясига тегишли Embraer 190 самолётининг ҳалокатга учрашини текшириш бўйича тузилган Қозоғистон ҳукумат комиссияси 30 кун ичида терговнинг дастлабки ёки оралиқ натижаларини тақдим этишини билдирганди. Вазир бу муддатни мазкур ҳолат бўйича мавжуд стандартларга таянган ҳолда айтганди. Бундан ташқари, Ластаев ҳалокатга учраган самолёт икки соатлик хотирага эга бўлган регистратор билан жиҳозланганини маълум қилиб, ҳодисанинг бутун сурати тергов жараёнида аниқ бўлишини таъкидлаганди. Агар Ластаев томонидан айтилган 30 кунлик муддатга ишонилса, авиаҳалокат бўйича тергов натижалари ва у ҳақдаги ҳақиқатлар 30 январь куни эълон қилинади. Кўп эҳтимол, ўша куни Остонадан янграйдиган текширув натижалари Озарбайжон ва Москва ўртасидаги муносабатларнинг кейинги тақдирини белгилаб беради.
Путин билан ҳам “юқоридан туриб” гаплашиш мумкин
Авиаҳалокатдан кўп ўтмай Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев воқеа юзасидан Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортда шошилинч йиғилиш ўтказганди. Йиғилишда сўзга чиққан давлат раҳбари унгача етиб келган дастлабки маълумотларга кўра, самолёт ноқулай об-ҳаво туфайли йўналишини ўзгартириб, Ақтау томон учганини айтди. Бироқ кейинчалик дастлабки текширувлар пайтида, авиаҳалокат сабаблари орасида ташқи таъсир излари масаласи ўртага чиққач, бу ҳодиса чинакам сиёсий кескинлик даражасига кўтарилди. Дастлаб “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидлади. Шундан сўнг, Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Бироқ Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди. Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди. Улар ҳар қандай ҳолатда Россиядан айбдорларни топиш ва уларни жазолашни талаб қилди.
Ниҳоят, 28 декабрда Путин Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, Озарбайжон ҳаво йўллари йўловчи самолёти билан боғлиқ фожиали воқеа Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани учун узр сўради. Суҳбат чоғида эса жадвал бўйича парвоз қилаётган Озарбайжон йўловчи самолёти Грозний аэропортига бир неча бор қўнишга урингани таъкидланган.
“Бу вақтда Грозний, Моздок ва Владикавказ Украина жанговар учувчисиз учиш аппаратлари томонидан ҳужумга учради ва Россия ҳаво мудофаа тизимлари бу ҳужумларни қайтарди. Россия Тергов қўмитаси ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 263-моддаси (ҳаракат хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноий иш қўзғатди”, дейилади хабарда.
Аммо Путин Озарбайжондан кечирим сўраш билан қутулиб қолмади. Алиев 29 декабрь куни қулаган самолёт бошқарувида бўлган экипаж аъзоларининг видолашув маросимида Россия Озарбайжондан кечирим сўрашдан ташқари, ўз айбига иқрор бўлиши, айбдорларни жазолаш, жиноий жавобгарликка тортиш ва Озарбайжон давлатига, жароҳатланган йўловчилар ва экипаж аъзоларига товон тўлаши кераклигини таъкидлаган. Алиевга кўра, бу Озарбайжоннинг шартлари. Улардан фақат кечирим сўраш талабигина бажарилди, холос.
“Бу бизнинг шартлар. Биринчиси кеча тақдим этилган эди. Умид қиламанки, бошқа талабларимиз ҳам қабул қилинади”, деган Алиев.
Маросим чоғида Озарбайжон раҳбари авиаҳалокат сабабини ҳам очиқлаб кетган. Унинг қайд этишича, самолёт ҳалокатининг якуний сабаби "қора қути"лар очилгандан сўнг маълум бўлади, бироқ Ақтауда ҳалокатга учраган самолёт “ердан қилинган ҳужум туфайли” шикастланган ва ушбу версиялар жуда асосли ва фактларга таянилган.
“Фактлар шундан иборатки, фуқаролик самолёти Россия ҳудудида, Грозний шаҳри яқинида ердан ўққа тутилган ва бошқарувни деярли йўқотган. Шунингдек, биз биламизки, самолётимиз радиоэлектрон кураш воситалари орқали бошқарилмас ҳолга келтирилган. Бу самолётга етказилган биринчи зарардир”, деган Илҳом Алиев.
Озарбайжон етакчисининг қўшимча қилишича, Россия томони расмий равишда Озарбайжонга Давлатлараро авиация қўмитаси бу ишни ўрганишини сўраб таклиф киритган. Расмий Баку эса бунга қатъиян рад жавобини берган. Алиев эса бунинг сабаби сифатида қуйидагиларни келтирган:
“Чунки ҳеч кимга сир эмас, бу қўмита кўпроқ Россия амалдорларидан ташкил топган ва қўмита бошида Россия фуқаролари туради. Бу ерда объективлик омиллари тўлиқ таъминланмаслиги мумкин эди. Агар авария содир бўлган заҳоти биз Россия томонидан адолатли ва адекват қадамларни кўрганимизда, эҳтимол бунга қарши чиқмаган бўлардик. Аммо биз кўрдикки, бу ерда масалани яширишга уринишлар очиқ-ойдин кўриниб турибди”, дейди Алиев.
Embraer ва унинг ҳалокатлар тарихи
Embraer дунёдаги етакчи регионал ва бизнес-авиация самолётларини ишлаб чиқарувчи компаниялардан бири бўлиб, у 1969 йилда Бразилияда ташкил этилган. Компания ўзининг кўплаб самолётларини 2002 йилдан бошлаб серияли ишлаб чиқара бошлаган. 2013 йилдан эса дунё бозорига янги авлод версияларини тақдим қила бошлади. Embraer’лар ўзининг яқин тарихи давомида, аниқроғи 2000 йилдан буён 15 маротаба катта-кичик авиаҳодисаларга учраган. Бу эса ўртача ҳар бир ярим йилда 1 та авария ҳолати дегани. Аммо мазкур авиаҳалокатларнинг сабабларига қисқача тўхталса, ҳодисалар асосан экипаж аъзоларининг айби билан содир бўлганини пайқаш қийин эмас. Бу ҳалокатларда Ақтаудаги авиаҳодисани ҳам қўшиб ҳисоблаганда умумий ҳисобда 117 киши ҳалок бўлган. Ақтауда қулаган Embraer 190 самолётининг ҳам ўзига яраша ҳалокатлар тарихи бор. Масалан, Баку-Грозний рейсидаги даҳшатли фожиагача ушбу турдаги самолёт бундан бир неча йиллар олдин икки бор ўта жиддий ҳалокатларга учраган. Масалан, 2010 йил Хитойнинг Henan Airlines компаниясига тегишли Embraer 190 самолёти Харбиндан Йичун Линду аэропортига амалга оширган рейсининг сўнгги дақиқаларида ерга қулаган. У учиш-қўниш йўлагидан чамаси 1 км узоқликда ҳалокатга юз тутган ва унда мавжуд 96 йўловчининг 44 нафари ҳалок бўлган. Ушбу воқеадан уч йил ўтгач, 2013 йил ноябрь ойида Мозамбикдан ҳавога кўтарилган яна бир Embraer 190 самолёти Анголага йўл олади. Аммо у белгиланган манзилга етиб бора олмайди ва Намибиядаги Бвабвата миллий боғида ҳалокатга учрайди ва бортдаги 33 кишининг барчаси ҳалок бўлади. Юқоридаги икки ҳалокат ҳам экипаж аъзоларининг хатоси билан содир бўлган. Бироқ Ақтаудаги авиаҳодиса катта эҳтимол билан экипаж, қушлар ёки ноқулай об-ҳаво оқибатида содир бўлмади. Агар бундай бўлганда ҳалокатдан бироз вақт ўтиб, Путиннинг содиқ хизматкорлари Озарбайжонга дарҳол кўмак таклиф қилмас, постсовет давлатлари билан муносабатларда доим ўзини бир бош баланд тутадиган Путин Алиевдан кечирим сўрамасди. Хуллас, нима бўлган тақдирда ҳам асл ҳақиқатни расман тасдиқлаш учун 30 январгача кутиш лозим. Барчаси шу куни маълум бўлади.
LiveБарчаси