Қор қоплони Қирғизистон рамзи сифатида тан олинди
Олам
−
25 Октябрь 2025 5688 2 дақиқа
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси қор қоплонини мамлакатнинг миллий рамзи сифатида тан олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда “Inform.kz” хабар берди.
Нашрга кўра, ушбу ҳужжат билан қор қоплонининг расмий логотипи ва уни қўллаш тартиби тасдиқланган.
Ушбу қарор давлатнинг табиий ва маданий меросини акс эттирувчи рамзларни сақлаш, ҳимоя қилиш ва оммалаштириш мақсадида, Қирғизистон Республикаси Президентининг “Қор қоплонини Қирғизистон Республикасининг миллий рамзи сифатида эътироф этиш тўғрисида”ги фармонини амалга ошириш доирасида қабул қилинган.
Логотипни қуйидаги ҳолларда қўллаш мумкин:
- Давлат ва бошқа мукофотларда, ёдгорлик тангалари ва банкнотларда;
- давлат байрамлари, ёдгорлик саналари ва расмий тадбирларни безашда;
- сувенир ва босма маҳсулотлар тайёрлашда, шунингдек бинолар, иншоотлар ва транспорт воситаларини безашда;
- меъморий ва декоратив элементларда;
- Қирғизистон Республикасининг имиджини мамлакат ичида ва ташқарисида тарғиб этишга қаратилган кўргазмалар, ярмаркалар, фестиваллар ва бошқа тадбирларда;
- таълим, маданият ва бошқа дастурларда;
- Қирғизистон Республикасини намойиш этувчи тақдимот, ахборот материаллари ва расмий интернет ресурсларида.
Қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
- тасвирни бузиш ёки деформация қилиш;
- Қирғизистон қонунчилигига зид бўлган ёзувлар, тасвирлар ёки маҳсулотлар билан бирга қўллаш;
- давлат имиджига зарар етказадиган ёки миллий қадриятларни ҳақорат қилувчи контекстда фойдаланиш;
- сиёсий мақсадлардаги номутаносиб рекламада, ташвиқотда ёки Қирғизистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни маркалашда (мамлакат қонунчилигига мувофиқ ҳуқуқ эгаси учун назарда тутилган ҳоллардан ташқари) фойдаланиш.
Логотипни қўллаш тартибини бузиш, тасвирни бузиб кўрсатиш ёки ноқонуний фойдаланиш Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ, жавобгарликка сабаб бўлади.
Қирғизистон Республикаси Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазирлигига қор қоплони популяцияси ва унинг яшаш ҳудудини сақлаб қолиш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш топширилган.
Барча давлат органлари, маҳаллий ҳокимлик, ташкилот ва муассасалар мулк шаклидан қатъи назар, ушбу қарорга амал қилишлари шарт қилиб белгиланган.
Live
Барчаси