Қонунчилик ташаббускорлари сафи кенгаймоқда
Бизнес
−
21 Апрель 2023
5728Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 98-моддасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари доираси сезиларли даражада кенгайтирилиб, уни амалга ошириш механизми ҳам белгилаб берилмоқда. Даставвал қонунчилик ташаббуси тушунчасига аниқлиқ киритсак. Қонунчилик ташаббуси деганда қонун чиқарувчи органга қонун лойиҳаларини киритиш ҳуқуқи, яъни унинг тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиришлар киритилиши назарда тутилганига қараб, қонун лойиҳасини муҳокама қилиш ва у бўйича муайян қарор қабул қилиш ҳуқуқи тушунилади.
Шу маънода қонун ижодкорлиги жараёни ҳокимиятнинг барча тармоқлари ўртасида боғловчи бўғин вазифасини бажаради. Янгиланаётган Конституцияда кўрсатилаётган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқининг еттита субъектини биз икки гуруҳга бўлишимиз мумкин: тўртта тўла ҳуқуқли субъект (Президент, Ҳукумат, давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари,), шунингдек, учта субъект чекланган (Конституциявий суд, Олий суд, Бош прокурор) ҳуқуқларга эга. Агар биринчи тўртта субъект қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига тўлиқ ҳажмда, ҳеч қандай чекловларсиз эга бўлса, қолган учта субъектнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига келсак, улар уни ўзларига юкланган вазифа ва функциялар доирасида ўз ваколатларига тааллуқли масалалар бўйича амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.
Ушбу рўйхатга қонунчилик таклифини киритиш ҳуқуқига эга тўртта янги субъект киритилгани алоҳида эътиборга молик. Буларга қуйидагилар киради: Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли. Улар Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси сифатида қонун лойиҳаларини эмас, балки қонунчилик таклифларини киритиш ҳуқуқига эга.
Аксарият демократик давлатларнинг конституциялари қонунчилик ташаббуси субъектлари доирасини уларни аниқ рўйхатини белгилайди, гарчи бу рўйхат турли мамлакатларда бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин. Қоида тариқасида, улар одатда ҳукумат ва парламент аъзоларини ўз ичига олади. Европа, Осиё ва Лотин Америкасининг айрим давлатларида эса олий (юқори) судлар, ўз юрисдикцияси доирасида алоҳида ижтимоий манфаатларни ифодаловчи органлар ҳисобланади. Парламентар давлатларда қонунчилик ташаббусининг асосий субъекти ҳукумат ҳисобланади. Федератив давлатларда бу ҳуқуқ федерация субъектларининг қонун чиқарувчи органларига берилган. Президентлик ва ярим президентлик республикаларида президент қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан кенг фойдаланади.
Қатор мамлакатларда (Италия, Испания, Швейцария, Австрия, Бразилия, Венгрия, Польша, Беларусь, Руминия ва бошқалар) фуқароларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи, у мавжуд бўлса, фуқароларнинг қонунчилик ташаббуси умумдавлат даражасида ва федерация субъектлари даражасида (АҚШ, Германия ва бошқалар) ҳам амалга оширилиши мумкин.
100 минг кишининг розилиги билан халқни ўйлантираётган масала ёки жамият ривожига салбий таъсир кўрсатаётган муаммоларни халқнинг ўзи ташаббуси билан Олий Мажлисга таклифлар киритиш орқали бартараф этиш имкониятини яратади. Ушбу институт ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибасида муваффақиятли қўлланилган ва миллий қонунчиликда жуда демократик ва ижобий янгилик ҳисобланади. Хорижий мамлакатлар тажрибасида фуқароларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи Австрия, Испания, Италия, Швейцария ва бошқа бир қатор давлатларнинг конституцияларида назарда тутилган.
Қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ва Марказий сайлов комиссияси ҳам амалга ошириши мумкин, яъни улар ўз навбатида уларнинг ваколатлари доирасидаги инсон ҳуқуқларини таъминлаши ёхуд сайлов қонунчилигини такомиллаштириш каби масалаларга тааллуқли бўлади.
Фуқароларнинг қонунчилик ташаббуси сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қонунчилик таклифларини киритиш ҳуқуқини конституциявий даражада мустаҳкамланиши:
- биринчидан, фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш имконини беради, бу эса, ўз навбатида, халқнинг сиёсий фаоллигини оширишга олиб келади;
- иккинчидан, фуқароларнинг ўзларининг конституциявий ҳуқуқлари билан боғлиқ турли ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш, тегишли ташаббус кўрсатиш ва аҳоли муаммоларини ўз вақтида ҳал этишга ҳам хизмат қилади.
98-моддадаги қонунчилик ташаббуси субъектларининг доирасининг кенгайиши жамиятни янада демократлаштириш ва Ўзбекистонни “халқчил давлат” қурилиши йўлидаги муҳим қадамлардан ҳисобланади.
Омон Муҳаммаджонов,
ТДЮУ профессори
LiveБарчаси