“Қонли январь” воқеалари: 8 киши терговдаги қийноқлар оқибатида ўлгани тасдиқланди
Олам
−
14 Март 2022
6879Қозоғистонда январь ойи бошида содир бўлган тартибсизликлар оқибатида ҳибсга олинган саккиз киши тергов давомидаги қийноқлар сабаб вафот этди. Бу ҳақда “Orda” нашри Коррупцияга қарши курашиш хизмати раиси Олжас Бектеновга асосланиб, маълум қилди.
“Инсон ўлими факти бўйича 8 та жиноят иши махсус прокуратурага ўтказилди”, деган Олжас Бектенов.
Қайд этилишича, Шарқий Қозоғистон вилоятида уч киши, Олма-ота вилоятида уч киши ва Олма-ота шаҳрида икки киши вафот этган. Қийноқлар оқибатида одамларнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар бўйича саккизта жиноят иши қўзғатилган.
Бугун, 14 март куни бўлиб ўтган парламент йиғилишида мамлакат Бош прокурори Берик Асилов 243 та қийноқ ҳолатлари бўйича 9 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳибсга олинганини айтган. Улардан саккиз нафари Миллий хавфсизлик қўмитаси, яна бири эса ички ишлар ходими.
Расмий маълумотларга кўра, қийноқлар ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича 243 та жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ, Қозоғистонда январь ойи бошида содир бўлган тартибсизликлар оқибатида 230 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, уч ҳафта олдин Бош прокуратура “қонли январ” фожиаларидан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари гумонланувчиларга нисбатан рухсат этилмаган сўроқ усулларини қўллаши оқибатида олти киши вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида ҳалок бўлганини маълум қилган эди.
LiveБарчаси