“Қонли январь”. Тўқаев Қозоғистонда вазият изига тушганини эълон қилди
Олам
−
27 Январь 2022
4750Қозоғистонда январь ойи бошида содир бўлган тартибсизликлардан сўнг вазият тўлиқ барқарорлашди, ҳуқуқий тартиб ўрнатилди. Бу ҳақда бугун, 27 январь куни Қосим-Жомарт Тўқаев маълум қилди.
"Хавфсизлик Кенгаши раиси Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таъкидлашича, айни пайтда мамлакатда вазият тўлиқ барқарорлашган, ҳуқуқий тартиб ўрнатилган. Шахс, жамият ва давлат ҳимояси даражасини ошириш учун барча чоралар кўрилмоқда”, дейилади Президент матбуот хизмати баёнотида.
Тўқаев, шунингдек, миллий хавфсизликнинг барча жабҳаларини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни зудлик билан амалга оширишни бошлаш учун кўрсатма берган. Президент барча давлат органлари содир бўлган воқеалардан сабоқ олиши, модернизация қилинган миллий хавфсизлик тизими ҳар қандай мураккабликдаги чақириқларга жавоб беришга тайёр туриши кераклигини таъкидлаган.
“Биз жиноятчилик ва террорчиларнинг шаҳарларимизни эгаллаб олишлари, фуқаролар ва уларнинг оилалари тинч ҳаётига тажовуз қилишлари, давлатчиликка таҳдид солмасликлари учун чоралар кўришимиз шарт. Миллий хавфсизлик тизимини қайта қуриш айнан шу мақсадда амалга оширилмоқда”, деган Президент.
Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, жангарилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.
5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.
7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади. 13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь