Қонга қон, жонга жон. Россия қандай ҳолатда Украинага бостириб кириши айтилди
Олам
−
15 Февраль 2022
36250Россия дунёнинг исталган нуқтасида фуқароларини ҳимоя қилади. Бу ҳақда мамлакатнинг Европа Иттифоқидаги доимий вакили Владимир Чижов “The Guardian” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.
“Агар улар (украинлар) қаердадир – Донбассдами ёки бошқа жойда Россия фуқароларини қўполлик билан ўлдиришни бошласа, биз ҳам муносиб равишда жавоб қайтарсак, ҳайрон қолмайсиз”, дейди у.
Шу билан бирга, Чижов, агар ғазабини қўзғатилмаса, Москва қўшни давлатга бостириб кирмаслигини таъкидлаган.
Чижовга кўра, ҳозирда Россиянинг Украина чегарасидаги қўшинлари сони ўтган йилнинг сентябрь ойидаги “Запад-21” машғулотларида қатнашган қўшинлар сонига тенг, бироқ у пайт ҳеч ким ортиқча сўз айтмаган.
Эслатиб ўтамиз, январь ойи ўрталаридан бошлаб Кремль Беларусга “Иттифоқчилар келишуви” доирасида ўз ҳарбийлари ва оғир артиллерияларини юбора бошлаган. Ҳозирга қадар қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказиш учун Беларусь ҳудудига Россиянинг 30 000 дан ортиқ аскарлари киритилгани айтилмоқда.
Шунингдек, С-400 ер-ҳаво ракета тизимларининг иккита батальони ва 12 та “Сухой Су-35” қирувчи самолётлари мамлакат ҳудудига жойлаштирилган.
НАТО ушбу ҳаракатларни “Совуқ уруш” давридан буён Беларусь ҳудудига киритилган энг катта қўшин дея баҳоламоқда. Билдирилишича, ҳозирда Россия ихтиёрига ўтган Қрим, Беларусь ва Украина билан чегарадош бошқа ҳудудларда 100 000 лаб рус қўшинлари жойлаштирилган.
Қайд этиш керакки, Россиянинг машғулотлар сабаб Украина билан чегарага қўшин тўплаши ортидан Шарқий Европада инқироз юзага келди. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни, у ерда бўлиб турганлардан мамлакатни тарк этишни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб келмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш нияти йўқлигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.
Маълумот ўрнида, бугун, 15 февраль куни Россия парламенти – Федерал Мажлисининг қуйи палатаси – Давлат думаси ялпи мажлисида Донбасснинг ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск вилоятлари суверенитетини тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бунда Донецк ва Луганск халқ республикларини тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси, шунингдек ҳукмрон “Ягона Россия” партияси лойиҳаси овозга қўйилиб, ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш танланди.
Қайд этиш керакки, 2008 йил Россия ўз мухториятига қўшин киритишни режалаштираётган Грузияни тўхтатиш учун Осетияда россияликлар борлигини важ қилиб, ҳудудга қўшин киритганди. Якунда икки ўртада уруш бўлиб, Грузия мағлуб бўлган.
LiveБарчаси