Беларусдаги ҳарбий ҳаракатларда АҚШга тегишли сувости кемаси топилди. Шойгу Путинга ҳисоб берди
Олам
−
14 Февраль 2022
24596Эҳтимолий уруш хавфи ортиб бориши натижасида Россия жорий йил 10 февралдан бошлаб Беларусь ҳудудида 10 кунлик ҳарбий машғулот ўтказиши ҳақида хабар берган эдик. Бугун, 14 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин мамлакат Мудофаа вазири Сергей Шойгу билан Россия ва Беларусъ ҳудудларида олиб борилаётган машғулотлар юзасидан мулоқот қилди.
Шойгунинг билдиришича, машғулотлар Беларусь ҳарбийлари иштирокида, мамлакатнинг ҳар бир флоти ва ҳарбий бўлинмаларида олиб борилмоқда.
“Владимир Владимирович машқлар кенг кўламли бўлиб, машғулотлар деярли барча флотлар ҳамда Баренц денгизи, Қора денгиз, Болтиқ денгизи ва Тинч океани флотларида ўтказилмоқда”, деган Шойгу.
Вазирнинг таъкидлашича, Россиянинг шарқий соҳилларида олиб борилган ҳарбий машғулотлар давомида АҚШга тегишли дея тахмин қилинаётган номаълум сувости кемаси аниқланган.
“Курил ороллари ҳудудида жойлашган Уруп оролидаги машқлар давомида сувости кемаси топилди – катта эҳтимол билан у АҚШга тегишли. Деярли уч соатлик ҳаракатлар натижасида кема Россия Федерациясининг акваториясидан чиқариб юборилди. Бу мутлақо тушунарсиз, шарқдаги бундай фаолият умуман асоссиз", деган Мудофаа вазири.
Шойгуга кўра, 10 кун давомида ўтказилиши керак бўлган ҳарбий ҳаракатларнинг бир қисми якунланган. Машғулотларнинг қолган қисми ҳам яқин кунларда ниҳоясига етади.
Эслатиб ўтамиз, январь ойи ўрталаридан бошлаб Кремль Беларусга “Иттифоқчилар келишуви” доирасида ўз ҳарбийлари ва оғир артиллерияларни юбора бошлаган. Ҳозирга қадар қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказиш учун Беларусь ҳудудига Россиянинг 30 000 дан ортиқ аскарлари киритилгани айтилмоқда.
Шунингдек, С-400 ер-ҳаво ракета тизимларининг иккита батальони ва 12 та “Сухой Су-35” қирувчи самолётлари мамлакат ҳудудига жойлаштирилган.
НАТО ушбу ҳаракатларни Совуқ уруш давридан буён Беларусь ҳудудига киритилган энг катта қўшин дея баҳоламоқда. Билдирилишича, ҳозирда Россия ихтиёрига ўтган Қрим, Беларусь ва Украина билан чегарадош бошқа ҳудудларда 100 000 лаб рус қўшинлари жойлаштирилган.
LiveБарчаси