Қодиров депутатлар ОАВни “ўлдириши” мумкин бўлган қонунни маъқуллаганига изоҳ берди
Жамият
−
30 Май 2021
12240Янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун оммавий ахборот воситаларининг молиявий ҳолатига жиддий путур етказиши барча турдаги ОАВда хавотир уйғотмоқда. Лойиҳа бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан биринчи ўқишда маъқулланган. Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров мазкур қонун лойиҳаси бўйича ўз фикрларини билдириб, партияда ҳам лойиҳага эътирозлар борлигини таъкидлади.
“Бу қонунга “Миллий тикланиш” ДП фракцияси ҳам қатор таклифлар тайёрламоқда. Амалдаги таҳрирга бизнинг ҳам эътирозларимиз бор.
Қисқагина тушунтириш... Қонун уч ўқишда қабул қилинади.
Биринчи ўқишда “шу қонун керакми, йўқми” деган савол қўйилади. Қонуннинг моддалари муҳокама қилинмайди. Кўриб турганингиздек, барча фракциялар соҳада ўзгаришлар керак деб ҳисоблашди. Демак, соҳада ўзгариши керак бўлган масалалар бор”, дейди Қодиров.
У мазкур қонун атрофидаги баҳсларга қўшилиб, депутатларни масъулиятлироқ бўлишга чақираётганларга ҳам жавоб қайтариб, шундай деган:
“Биргина мисол, бугун бевосита даромадини белига тепадиган қонун қабул қилиш хавфи туғилганида парламентни масъулиятли овоз беришга чақираётганлар сайловлар вақтида сайловчиларни масъулият билан овоз беришга эмас, памперс сотиб олишга тарғиб қилишни маъқул кўрган эдилар. Улар қонунни бузмаганлар, ижтимоий тарғибот учун белгиланган хажмдан ортиғини, ҳатто бироз арзонроқ ҳам бермадилар, холос. Улар ҳақ эдилар. Муаммо қонунда эканлиги маълум”.
Қодировга кўра, партияларнинг ҳам молиявий ҳолати ҳавас қилгулик эмас. Аммо бу ҳеч кимни қизиқтирмайди ва сифатли қонунлар қабул қилиш талаби ўзгаришсиз қолади.
“Партияларнинг молиявий бақувват эмаслиги, сайловчиларнинг 5 фоиз қисмигина партияларни молиявий қўллаб-қувватлаши, албатта, ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ҳаммани сифатли қонун қизиқтиради.
Яна бир савол, қонун ҳимоясида бўлган тадбиркор қадриятларга зид тушунчани тарғиб қилгиси келиб қолса, нима бўлади? Албатта, буни очиқ амалга ошириш тақиқланган, лекин бугун жамиятларга “ёпиқ мессежлар” таъсирчанроқ бўлмоқда”, дейди депутат.
Шу сабабли, истисно ҳолларда, ҳокимият ижтимоий тарғибот хажмини орттириш ёки зарур ҳолларда рекламани чеклаш имкониятига эга бўлиши кераклиги қўшимча қилинган.
Алишер Қодировнинг сўзларига кўра, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси ҳамма таклифларни муҳокама қилишга тайёр, партия ғояларига зид бўлмаса, албатта, бу масалалар муҳокамага қўйилади.
Депутат ишламайдиган қонунлар қабул қилинаётгани ҳақидаги фикрларга изоҳ бериб, қонун эҳтиёждан келиб чиқиб маъқулланишини, уни ишламаётганлиги керак эмаслигини эмас, ишлатила олмаётганини англатишини қайд этган.
“Ҳокимият учун фуқароларнинг хотиржамлиги уларни фаровонликларидан кам бўлмаган заруратдир.
Яна бир гап, бир донишманд айтган экан: бад дуо қилаётганда эҳтиёт бўлинг, улар ижобат бўлиб қолиши мумкин...”, дея ўзини якунлаган Алишер Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур қонун лойиҳаси юзасидан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов муносабат билдириб, депутатларни масъулиятли бўлишга чақирганди. У матбуотни “ўлдирадиган” қонунлар керак эмаслигини таъкидлаб, баъзи қонунлар ҳатто ишламаётганини урғулаганди. Сўзининг исботи ўлароқ, персоналлаштириш тўғрисида қабул қилган қонунни келтирганди. Бу қонунга кўра, гигант IT-компаниялар ва ижтимоий тармоқлар, жумладан, Google Facebook, Instagram, TikTok, YouTube ва “Yandex деньги” каби банк тўлов тизимлари ўз серверларини Ўзбекистон худудига ўрнатиши керак, акс холда жаримага тортилиши ва фаолияти тўхтатилиши мумкин.