Қодиров Чеченистон имомларини 247 млн рубллик автомобиллар билан сийлади
Олам
−
08 Февраль
8829Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров мамлакатдаги барча 309 нафар имомга Россияда ишлаб чиқарилган Lada Granta автомобилларини совға қилди. Бу ҳақда “ГрознийТв” хабар берди.
Қайд этилишича, Россия қаҳрамони Аҳмад Ҳожи Қодиров номидаги жамоат фонди номидан имомларга машина совға қилинган ва 100 минг рублдан пул тарқатилган. Чеченистон муфтийси Салоҳ Ҳожи Межиев ҳадяларни ўз эгаларига топширган.
Ғарб экспертларининг фикрича, Россияда ишлаб чиқарилган янги Lada Granta автомобилининг нархи 699 минг 900 рублни ташкил этади. Ҳисоб китобларга кўра, автомобилларнинг хариди Қодиров "ғазнаси"га 247 млн рублдан кўпроққа тушиши мумкин. Бу эса февраль ойининг аввалги ҳафтасидаги курс бўйича тахминан 2 млн 700 минг доллар дегани.
“Аллоҳ Таолонинг марҳамати билангина Чеченистон республикаси раҳбари Рамзан Қодиров бундай хайрли ишни амалга оширяпти. У республиканинг барча 309 нафар имомига машина ва 100 минг рублдан (1000 доллардан ортиқ) ҳадя берди. Яратган уни яхшиликлари учун яхшилик билан мукофотласин. Бу, шубҳасиз, мисли кўрилмаган саховат”, деган Межиев тақдирлаш маросимида.
Маълумот ўрнида, 2020 йилдан бери Аҳмад Қодиров номидаги минтақавий жамоат фонди Чеченистон раҳбари шахсан назорат қиладиган ташкилот сифатида АҚШ санкциялари остида қолмоқда. Оммавий ахборот воситалари жамғарма шаффоф бўлмаган тарзда молиялаштирилишини, жумладан, давлат хизматчиларидан мажбурий йиғимлар ҳисобига тўлдирилишини таъкидлаган.
LiveБарчаси