Қоҳира саммити: Миср фаластинликларнинг Синайга кўчирилишига қаршилик қилди
Олам
−
21 Октябрь 2023
12066Миср фаластинликларни Ғазо секторидан Синай яриморолидаги Араб Республикаси ҳудудига кўчириш ғоясини қатъиян рад этади. Бу ҳақда Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси Қоҳирадаги тинчлик саммитида айтиб ўтди.
"Биз фаластинликларнинг Синайга мажбуран кўчирилишини қатъиян рад этамиз. Ғазо сектори аҳолисининг Миср ҳудудига кўчирилиши Фаластин масаласини йўқ қилиш демакдир. Бутун бир халқни бошқа минтақаларга кўчириш Фаластин масаласини ҳал қилиш эмас. Фаластин масаласини бартараф этиш ҳеч қачон Миср ҳисобига бўлмайди ", дейди Президент.
Шунингдек, ас-Сиси халқаро ҳамжамиятни Фаластин халқи ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирган.
"Биз Ғазо секторидаги жамоавий жазо амалиётига жавобан халқаро ҳамжамиятнинг сукут сақлаётганини кузатишдан ҳайратдамиз. Фаластин халқи ва тинч аҳоли халқаро ҳимоя билан таъминланиши керак", деган Миср раҳбари.
Унинг айтишича, Миср Ғазо секторига гуманитар ёрдамнинг хавфсиз, тўсиқсиз ва барқарор келишини таъминлаш тарафдори. У тинчлик жараёнини жонлантириш бўйича йўл харитаси устида ишламоқда, бу эса ёрдам етказиб бериш, сулҳ ва охир-оқибат мустақил Фаластин давлатининг яратилишига олиб келади.
“Миср ҳеч қандай нуқтада Рафаҳ ўтиш жойини ёпмаган, бироқ Исроилнинг бомбардимон қилишлари унинг барқарор ишлашига тўсқинлик қилди”, дейди ас-Сиси.
Миср етакчисининг сўзларига кўра, Миср томони Рафаҳ қуруқлик ўтиш жойининг барқарор ишлашини таъминлашга тайёр.
Маълумот учун, бугун, 21 октябрь куни Абдулфаттоҳ ас-Сисийнинг ташаббуси билан Мисрнинг маъмурий пойтахти Янги Қоҳирада Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилиш ва Ғазо секторидаги кескинликни камайтириш йўлларини муҳокама қилишга бағишланган Қоҳира тинчлик саммити очилди. Анжуманда 34 давлат ва учта халқаро ташкилот – БМТ, Араб давлатлари лигаси ва Африка иттифоқи вакиллари иштирок этмоқда.