Қийноқлар ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш бўйича 9 ходим қўлга олинди
Олам
−
28 Февраль 2022
13653Қозоғистонда содир этилган “қонли январь” воқеалари иштирокчиларини тергов қилишда қийноқлар ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича 203 та жиноят иши тергов қилинмоқда.
Бош прокуратура Жиноят прокуратураси бошқармаси бошлиғи Серик Шалабаевнинг маълум қилишича, “қонли январь” воқеалари ортидан назорат органи террорчилик ҳаракатлари, қотиллик, қурол ўғирлаш ва оммавий тартибсизликлар бўйича 3500 дан ортиқ жиноий иш бўйича тергов олиб бормоқда. Тергов ҳибсхоналарида 737 нафар фуқаро бор.
“Бош прокуратура томонидан оммавий тартибсизликлар пайтида ва ундан кейин ҳибсга олинган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш масалалари алоҳида назоратга олинган. Бугунги кунга қадар қийноқлар ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари бўйича 203 та жиноий иш қўзғатилган бўлиб, уларнинг энг муҳимлари махсус прокурорлар томонидан тергов қилинмоқда. Судгача бўлган тергов ҳаракатлари давомида ҳибсга олинганларга нисбатан ноқонуний тергов усулларини қўллаганликда гумон қилинган 9 нафар ходим аниқланиб, қўлга олинди”, деди Серик Шалабаев.
300 дан ортиқ фуқароларга нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилган, улардан 27 нафари вояга етмаганлардир. Икки ўсмир ҳибсда қолмоқда. Шунингдек, махсус прокурорларга яна 22 нафар шахсга нисбатан эҳтиёт чорасини алмаштириш учун материаллар келиб тушди.
“Январь воқеалари билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича 1,5 мингга яқин воқеа содир бўлган жойларда текширувлар ўтказилиб, 1500 дан ортиқ суд-тиббий экспертиза тайинланган ва ҳозирда ўтказилмоқда. Терговнинг ноқонуний усуллари ва қийноқлар қўлланилганлиги юзасидан прокуратура органларига 283 та ариза келиб тушган. Айбдор ҳуқуқ-тартибот ходимлари қонун доирасида жавобгарликка тортилади ва судланади”, дейди Серик Шалабаев.
Прокурорлар тергов ҳибсхоналари ва бошқа хизмат биноларини ҳар куни, шу жумладан тунги ва дам олиш кунларида текширишни давом эттирадилар. Иш Миллий профилактика механизми иштирокчилари ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан яқин ҳамкорликда олиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистондаги “қонли январь” фожиаларидан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари гумонланувчиларга нисбатан рухсат этилмаган сўроқ усулларини қўллаши оқибатида олти киши вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида ҳалок бўлган.
LiveБарчаси