Қиролича Мирзиёевга табрик йўллади
Олам
−
01 Сентябрь 2022
9955Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Қироличаси Елизавета II Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мамлакат Мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан табрик йўллади.
Қиролича мактубида Президент Мирзиёевга ўзининг энг эзгу тилаклари ва самимий табрикларини билдирган. Бу ҳақда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот ўзининг видеомурожаатида сўз очган. Торлот ҳам видеомурожаатда Ўзбекистон халқини мустақиллик куни билан табриклаб, бугунги дунёда суверенитетнинг қадр-қиммати ортиб бораётганини урғулаган.
“Азиз дўстлар, барчангизни муҳим давлат байрами – Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги билан табриклайман.
Суверенитет – эркинлик рамзи бўлиб, мамлакатга ўз тараққиёт йўлини, халқига эса ўз тақдирини танлаш ҳуқуқини беради. Одамлар бу ҳуқуқ учун ҳамиша курашадилар ва дунёда рўй бераётган воқеалар буни яққол намоён этмоқда.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, Ўзбекистон-Буюк Британия муносабатлари ўзаро манфаатли шериклик руҳида фаол ривожлана бошлаганини мамнуният билан қайд этаман. Ишонаманки, биз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан халқимиз фаровонлиги йўлида кўп қиррали икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда давом этамиз.
Ушбу муҳим санада менинг самимий ва илиқ тилакларимни қабул қилинг. Оилангизда доимо тинчлик-хотиржамлик ва фаровонлик бўлсин. Мустақиллик байрамингиз муборак бўлсин”, дейди Тим Торлот.
Маълумот учун, 2016 йилнинг декабридан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимини эгаллаб келаётган Шавкат Мирзиёев ўтган вафт мобайнида Буюк Британияга ташриф буюргани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, кўплаб давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мамлакат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан табрик мактубларини йўллади. Улар орасида АҚШ Президенти Жо Байдан, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер, Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам бор.
LiveБарчаси