Қирол Чарльз III нинг болаликда чизган расмлари 59 минг долларга сотилди
Бу қизиқ
−
17 Июнь 2023
5887Британия қироли Чарльз III нинг болаликда рангли қаламлар билан чизган суратлари Чарльз Ҳенсон аукционида 46 минг фунт стерлинг (тақрибан 59 минг АҚШ доллари)га сотилди. Бу ҳақда Ҳенсон ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Бу расмларни чизган вақтида қирол 5-6 ёшда бўлган. Уларнинг орасида қирол отаси шаҳзода Филипп ва онаси қироллича Елизавета II ни тасвирлаган суратлар ҳам бор. “Mummy”, “Papa” деб номланган бу суратлар 1953-1955 йиллар оралиғида чизилган ва аукционда 6400-7700 АҚШ долларига сотилган.
Бошқа бир денгизчи тасвирланган суратида эса Чарльз III отасига хат ёзган.
“Азиз отажоним, мен сизни қайиқда кўришни орзу қиламан”, дея ёзилган расмда.
Ҳенсон ўзининг расмий баёнотида бу расмга изоҳ бериб:
“Ҳар бир боланинг рангли ва қора қалам билан чизилган биринчи суратлари уларнинг оилаларини акс эттиради. Бизнинг қиролимиз ҳам бошқача эмас”, деб ёзган.
Унинг қўшимча қилишича, бу коллекция одамларга қирол билан янада яқинроқ муносабатда бўлишга ёрдам беради.
“Telegraf” берган маълумотларга кўра, қирол бундан аввал ҳам 1997-2016 йиллар оралиғида сотилган суратларидан 7,75 миллион АҚШ доллари ишлаб олган ҳамда бу пуллар Қирол жамғармаси ва таълим хайриясига йўналтирилган.
Маълумот ўрнида, Қирол Чарльз III 2022 йил 8 декабрда онаси қиролича Елизавета II нинг ўлимидан сўнг 73 ёшида тахтга ўтирган эди. Тож кийдириш маросими эса расман шу йилнинг 6 май куни Вестминстер аббатлигида бўлиб ўтди.
Севара Ҳусниддинова