Байдендан Путингача: дунё етакчилари қандай машинада юради?

Таҳлил

image

Бугунги кунда автомобиллар ҳаракатланишнинг энг оммабоп воситасига айланиб улгурган. Кўпчилик харидорлар автомобиль харид қилганида кўриниши, тежамкорлиги, нархи ва оммабоплиги каби дастлабки талабларни ҳисобга олади. Аммо давлат раҳбарларига хизмат қилувчи автомобилларга қўйиладиган талаблар бутунлай бошқача. Улар ҳашамат ва қудратни ифода этиши, ичидаги инсон учун барча қулайликларни тақдим қилиши ҳамда энг муҳими, юқори даражадаги хавфсизликни таъминлай олиши шарт. 

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, расмий давлат автомобили – бу расмий лавозимдаги амалдорларни ташиш учун фойдаланиладиган автомобиль бўлиб, у вақти-вақти билан бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган меҳмонларни ташиш учун ишлатилиши мумкин. Баъзи давлатлар етакчилари бошқа мамлакатларга давлат ташрифи билан борганида ўзларининг расмий давлат автомобилларини ҳам олиб боради. Чунки автомобиль ўша давлат раҳбари ва унинг мамлакатининг рамзи бўлиб хизмат қилиши мумкин. 

Владимир Путин

Россия Президенти Владимир Путиннинг ҳозирги президентлик автомобили – Aurus Senat ҳисобланади. Машина рус автомобиль ишлаб чиқарувчиси Aurus Motors томонидан ишлаб чиқарилган ҳашаматли тўлиқ ўлчамли автомобиль бўлиб, илк марта 2018 йилнинг сентябрь ойида омма олдида намойиш этилган. Автомобиль 1945 йилда тақдим этилган Совет лимузини ZIS-110 дан илҳомланиб ишланган. Машина кўплаб ҳаётни сақлаб қолиш, ҳужумкор ва мудофаа функциялар билан жиҳозланган ва Федерал хавфсизлик хизмати стандартларига мувофиқ ишлаб чиқарилган. Давлат ташрифларида Путиннинг президентлик автоулови Ильюшин Ил-76 транспорт самолёти орқали манзилга етказилади. Aurus Senat нархи – 300 минг долларга тенг.

Жо Байден

АҚШда Президент фойдаланадиган машина “Йиртқич ҳайвон” лақабли Cadillac One бўлиб, унинг тақдим қилинган версияси 2021 йилда тасдиқланган. Президентни ҳимоя қилиш учун мўлжалланган мудофаа чораларига қўшимча равишда, ушбу давлат машинасида тиббий фавқулодда вазиятлар учун президентга тўғри келадиган гуруҳга мансуб қон захиралари мавжуд. Автомобилда кимёвий ҳужумларга қарши герметик тарзда муҳрланган ва тажовузга қарши ҳимоя чоралари сифатида ишлайдиган шиналар, тунги кўриш мосламалари, тутун экранлари ва ёғ бўлаклари мавжуд. 

Автомобиль алюминий, керамика ва пўлатдан ясалган зирҳларга эга. Ташқи деворлари қалинлиги саккиз дюйм (200 мм), деразалар кўп қатламли ва қалинлиги беш дюйм (130 мм) ва ҳар бир эшик Boeing 757 эшиклари каби оғирликка эга бўлиб, унинг тутқичларини электрлаштириш мумкин. Фойдаланилмай қолган президентлик давлат автомобиллари сирлари ташқи томонларга маълум бўлишининг олдини олиш учун Махфий хизмат кўмагида демонтаж қилинади ва йўқ қилинади.

Шимолий Корея

Корея Халқ Демократик Республикаси етакчиси Ким Чен Ин ҳам йўлтанламас Cadillac автомобилидан фойдаланади. Аммо у кўпинча давлат ташрифларида, зирҳли поездда кўзга ташланади. 2024 йилда КХДР ва Россия раҳбарлари ҳам санкцияларга биргаликда қаршилик кўрсатиш учун бирлашди. Чунки Владимир Путин БМТ чораларини бузган ҳолда Кимга зирҳли Aurus лимузинини юборди. Кимнинг давлат матбуоти Путиннинг машинасини омма олдида бир марта ишлатганини кўрсатган. Ким Чен Иннинг автомобиллар коллекцияси омма олдида кўринганидан кўра кўпроқ моделларни ўз ичига олган бўлиши мумкин, чунки у Rolls Royce Phantom вa Lexus зирҳли седан каби баъзи моделларда ҳам бир неча марта пайдо бўлган.

Шунингдек, у 2019 йилдан бери йирик ракета синовлари пайтида кузатув объекти сифатида хизмат қилиш учун махсус япон ва хитой автобусларини ҳайдайди.

Кимнинг отаси Ким Ир Син эса Lincoln лимузинларидан фойдаланган.

Олаф Шольц

Германия канцлери Олаф Шольц расмий автомобиль сифатида Mercedes S 680 Guard’ни танлади. Охирги 50 йилда канцлер қайси партиядан бўлишидан қатъи назар, 1949 йилдан 1998 йилгача ҳамма Mercedes’ни танлаган.

Mercedes S 680 Guard VR10 хавфсизлик таснифининг юқори талабларига жавоб беради. Оғирлиги 4,2 тонна, фуқаролик версиясидан икки баравар кўп, Mercedes S 680 Guard  547 минг евродан бошланади, бу Mercedes-Maybach 680 билан солиштирганда икки баравар қиммат.

Машинанинг оғирлиги жуда катта, чунки у 2 тонна зирҳга эга ва биргина олд ойнаси 120 кг. Машинада йўловчиларни безовта қилувчи газлар ёки тутун пайдо бўлишидан ҳимоя қилиш учун тоза ҳаво баки ҳам мавжуд.

Mercedes S 680 Guard 6 литрли V12 двигатели билан жиҳозланган бўлиб, 612 от кучига эга, 9 поғонали автомат узатмалар қутиси ва 4Matic тўлиқ ғилдирагига эга.

Эммануэль Макрон

Франция президентлари тез-тез, баъзан эса жуда қисқа саёҳатлар учун қулай, кенг машиналарни ишлатади. Сўнгги 100 йил ва ундан кўпроқ вақт мобайнида кўплаб Renault автомобиллари Франция президентлигининг расмий автомобили бўлиб хизмат қилди. Улардан баъзилари устки очиқ машиналар бўлиб, Президентнинг оломонга, хусусан, сайлов пайтида одамларга қўл силкитишига имкон берган. Бошқалар эса кўпроқ қулайлик учун махсус ишлаб чиқарилган лимузинлар ёки SUVлар эди. Охирги 40 йил давомида эса уларнинг аксарияти хавфсизлик нуқтаи назаридан жиддий қуролланган.

2024 йил 14 июлда Renault Rafale Президент Эммануэль Макроннинг янги расмий автомобилига айланди. Макрон Renault’нинг сўнгги D сегменти моделини танлади. Дунёда ягона бўлган, Президентлик идорасига етказиб берилган автомобиль махсус “Тунги кўк” кузов ранги, градиентдаги уч рангли байроқ билан безатилган панжара, президентлик функцияси талабларига жавоб берадиган хусусиятлардан фойдаланади.

Қирол Чарльз III

Буюк Британия қироли Чарльз III нинг энг севимли машинаси бу кўк рангли Aston Martin DB6 Volante бўлиб, бу унга 21 ёшга тўлганида туғилган куни учун онаси, марҳум қиролича Елизавета II томонидан совға қилинган. 2019 йилда у Буюк Британиядаги биринчи тўлиқ электр Jaguar I-Pace автомобилларидан бирини сотиб олди. У баъзан мамлакат бўйлаб саёҳат қилганда ҳаво ифлосланишини минималлаштириш учун I-Pace’дан фойдаланади.

Имомали Раҳмон

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон кўп сонли бошқа президентлар сингари синовдан ўтган Mercedes-Benz 600 вa Pullman W220 автомобилини маъқул кўради.

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат миллий автосаноати маҳсули бўлган Chevrolet Malibu автомобилига эга. Давлат раҳбарининг ўзи дам олиш кунларида ушбу автомобилдан фойдаланиб, шаҳар айланишни ёқтиришини айтган. Шунингдек, Президент Тошкентдаги кўприклардан бирининг очилишига ҳам ушбу автомобилда ташриф буюрган эди. Президент сифатида эса Mercedes Benz автомобилидан фойдаланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Владимир Путин Имомали Раҳмон Жо Байден Олаф Шольц Қирол Чарльз III

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made