Қирғизистонликлар Ўзбекистон билан ер алмашиш шартига қарши чиқди

Олам

image

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қора-Сув тумани аҳолиси Кампир-Обод сув омбори яқинидаги 50 гектар ерни Ўзбекистонга берилишига қарши бўляпти. Шу сабабдан Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳудуд аҳолиси билан учрашди.

Аҳоли Ҳукуматнинг Ўзбекистон билан чегара масаласида эришган келишувидан норози бўлган.

Аввалига Ташиев аҳолига айирбошлаш шартларини тушунтирди, аммо улар фикрини ўзгартирмаган. Аҳолининг фикрига кўра, Қирғизистон Кампир-Обод сув омборидаги 50 гектар майдонни бошқаларга ўтказмаслиги керак.

Аҳоли билан музокаралар якунида Ташиев ўз қарорини ўзгартирган. У Ўзбекистон билан келишув шартларини ўзгартириш бўйича гаплашиб кўришини айтган.

“Мен уларга 50 гектарни эмас, балки атиги 20 гектарни алмаштиришни таклиф қилишга ҳаракат қиламан. Бунинг учун мен Тошкентга бориб, музокаралар олиб боришим керак. Ушбу 20 гектар ўрнига биз бошқа ҳудудда, эҳтимол Ўзган тумани яқинида участка оламиз. Мен синаб кўраман, майлими? Қолганларини Худо кўрсатиб беради”, деган Ташиев.

Журналистлар Ташиевдан расмий Тошкент бунга рози бўладими, агар жавоб салбий бўлса нима бўлишини сўраганда, расмий ўзбекистонлик ҳамкасблар тушунади, деб жавоб берди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон билан келишувга кўра, қуйидаги ҳудудлар Қирғизистонга ўтди:

•    Кок-Серек – 105 га;

•    Ала-Бука туманидаги Боястон – 212 га;

•    Қора-Сув туманидаги Оқ-Тош – 100 га;

•    Қора-Белес – 25 га;

•    Наманган ва Жалол-обод вилоятлари оралиғидаги Ғовасой – 8 минг га;

•    Унгар-Тоо тоғидаги ерлар – 35 га.

Булар эвазига Ўзбекистон Кампир-Обод сув омборидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шунингдек, Шаҳрихонсой канали жойлашган 50 га ҳудуд ҳам расмий Тошкентга берилади. Бунинг эвазига Қирғизистон Ўзган тумани ҳудудига 50 га қўшиб олади.

Аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг Матбуот котиби Галина Байтерек Қирғизистон томони Республика ҳудудида жойлашган Ўзбекистоннинг Сўх анклавига транспорт ва авиақатновни очишга тайёрлиги ҳақида хабар тарқатган эди. Аммо кейинчалик ушбу маълумотлар тузатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

чегара Ўзбекистон-Қирғизистон

Баҳолаганлар

3298

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг