Сўх ва Ункар-Тоо: Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара масаласини қандай ҳал қиляпти
Олам
−
13 Март 2021
21843Қирғизистон Ўзбекистоннинг анклав ҳудуди — Сўх йўлини очишга, Ўзбекистон эса Ункар-Тоони беришга тайёр. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти матбуот котиби Галина Бейтерек томонидан Садир Жапаровнинг Тошкент шаҳрига ташрифи якунлари ҳақида эълон қилинган баёнотда маълум қилинди, деб хабар берди “АКИpress” нашри.
Унга кўра, Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича ҳар икки томон ҳам ушбу ишларни кейинги уч ой ичида якунлаш кераклиги тўғрисида келишиб олишди. Таъкидланишича, давлат чегарасини қонуний рўйхатдан ўтказиш чегара ҳудудларда барқарорликни мустаҳкамлашга, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга имкон беради.
Галина Байтерекнинг маълум қилишича, яқин орада давлат чегарасидаги 7 та назорат пунктлари фаолияти тикланади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон юк ташиш масаласини ҳал қилишга ва агар керак бўлса, пунктларни ҳужжатларни сканерлаш учун тегишли ускуналар билан таъминлашга ваъда берган.
“Қирғизистон томони Қирғизистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистоннинг Сўх анклавига транспорт ва ҳаво алоқасини очишга тайёр. Анклав аҳолиси давлат чегараси орқали бемалол ўтишлари мумкин. Ўз навбатида, Ўзбекистон Қирғизистонга шу вақтгача чегара ҳудуди аҳолиси ўртасида низо ва сиёсий зиддият бўлиб келган Ункар-Тоо ҳудудини беришга тайёр”, деган Президент матбуот котиби Галина Бейтерек.
Давлат чегараларини делимитация қилиш билан боғлиқ қолган баҳсли масалаларни махсус комиссия ҳал қилади, дейилади хабарда.
Аввалроқ, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараларни делимитация ва демаркация қилиш ишлари жараёнида ўзаро ҳудуд алмашишга тайёрлиги ҳақида хабар берган эдик.