Қирғизистондан кучли таъсир қилувчи дори воситалари олиб кирганлар ушланди
3-саҳифа
−
02 Август
2987Қирғиз Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилояти Олабуқа туманида яшовчи 39 ёшли фуқаро ҳамда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи 44 ва 26 ёшли шахслар ўзаро келишиб, Қирғиз Республикасидан Ўзбекистонга айланма йўллар орқали 16 800 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб кирган. Улар дори воситаларини 36 минг АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинди.
Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса Шайхонтоҳур туманида яшовчи 1982 йилда туғилган фуқаронинг ёни ва автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда 15 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган. Шунингдек, унинг таниши бўлган, 1978 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахснинг Учтепа туманидаги яшаш хонадони кўздан кечирилганда 2967 дона “Регапен” дори воситаси топилган ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
“Фарғона-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган Nexia русумли автомашина Сергели тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда Фарғона шаҳрида яшовчи 35 ёшли фуқарога тегишли 1400 дона “Регапен”, 30 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, 1989 йилда туғилган шахснинг Lacetti русумли автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда 6034 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур фуқаронинг яшаш хонадонидан ҳам 2800 дона “Регапен” дори воситалари топилган.
“Таъкидлаш лозимки, барча ҳолатларда мусодара қилинган кучли таъсир қилувчи дори воситалари Қирғиз Республикасидан мамлакатимизга контрабанда йўли билан олиб келинган. Ҳозирда ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистондан Ўзбекистонга гиёҳванд модда олиб ўтишга уринган жиноий гуруҳ аъзоси ушланганди.
LiveБарчаси